Янги ўйингоҳдаги дастлабки ғалаба
Нукус шаҳридаги яқинда тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган “Турон” ўйингоҳида футбол бўйича Ўзбекистон Пролигасининг навбатдаги 19-тур ўйини бўлиб ўтди.
Унда етакчилик қилиб, Суперлигага йўлланма олиш учун астойдил ҳаракат қилаётган Нукуснинг “Орол” жамоаси Қарши давлат университетининг футбол клуби ҳисобланган “Лочин” жамоасини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида “Орол” профессионал футбол клубининг асосий базаси ҳисобланган “Турон” ўйингоҳида капитал реконструкция ишлари олиб борилиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан эса клубга Президент совғаси, янги замонавий автобус ва микроавтобус олиб берилди.
[gallery-31417]
Шу куни 12 минг нафарга яқин мухлис бевосита томоша қилган ва ҳақиқий футбол байрамига айланган ўйиннинг биринчи таймида ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 66-дақиқасида бош ҳакам томонидан меҳмонлар дарвозасига 11 метрлик жарима белгиланди. Нафақат жамоанинг, балки Пролиганинг бош пеналтичиси ҳисобланган Руслан Қалмагамбетов жарима тўпни аниқ бажариб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Ҳакам томонидан ўйинга қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда мезбонлар иккинчи тўпни киритди. "Орол" ҳужум чизиғининг етакчиси Руслан Қалмагамбетов ўзининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Тўпурарлар сафини бошқариб келаётган унинг жами голлари сони 18 тага етди.
Шундай қилиб, янги ўйингоҳда ўтган ўйинда майдон эгалари 2:0 ҳисобида навбатдаги ғалабага эришди. Лига ўйинларида пешқадамликни қўлдан бермай келаётган “Орол” 46 очко тўплаб, асосий рақиби “Шўртан” билан орадаги фарқни 7 очкога етказди.
“Орол” ва “Лочин” жамоалари учрашувида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Ўзбекистон Пролигасида ўйнаётган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг "Жайхун" клуби эса, ушбу турда "Пахтакор-2" жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақа жадвалида 24 очко билан 9 ўринни эгаллаб келмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари