Янги ўқув йилига тайёргарлик давом этмоқда
Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари, туман ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари бириктирилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва умумий ҳолати ўрганилмоқда.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, сенатор Санобар Суярова бошчилигидаги ишчи гуруҳи ҳудудларда ўтказилаётган ўрганиш жараёнларида умумий ўрта таълим мактабларидаги камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш, амалий ва методик ёрдамлар кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу жараён давомида ишчи гуруҳи вакиллари вилоятдаги Зафаробод, Мирзачўл, Дўстлик, Фориш туманларидаги мавжуд барча умумий ўрта таълим мактабларида бўлиб, ушбу ўқув муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва умумий ҳолатини атрофлича ўрганиб чиқди, юзага келган хато ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Ўрганиш ишлари сўнгида жараён танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиб борилмоқда. Мактабларнинг умумий ҳолати, янги ўқув йилига тайёрлиги, кутубхона ва дарсликлар, таълим ташкилоти раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаши борасидаги кўрсатгичлари юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида вазифа ва таклифлар билдирилди.
Шунингдек, бошқарма ва туман ҳокимликлари ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, қўшма қарорлар имзоланмоқда. Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан Президентимизнинг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилмоқда.
Умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва умумий ҳолатларини ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам белгиланган жадвал асосида амалга оширилиши режалаштирилган.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА