Янги ўқув йили катта мақсадлар билан бошланди
Янги ўқув йилининг илк куни ҳар бир инсон ҳаётида алоҳида хотира қолдиради. Айниқса, мактаб остонасига биринчи бор қадам қўяётган болалар учун бу сана болаликнинг энг қувончли ва унутилмас лаҳзаларидан биридир. 2 сентябрь куни Қарши шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида ҳам Билимлар куни ва “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ана шундай кўтаринки руҳда ўтказилди.
Хусусан, шаҳардаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тантанали тадбирда Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ҳам иштирок этди.
Тадбирда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш авлод учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналар мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ва янги ўқув йили бошлангани билан самимий муборакбод этилди. Ўқувчи-ёшлар ва устозларга давлатимиз раҳбарининг байрам табриги етказилди.
Жорий ўқув йилида 23-мактабда 245 нафар бола биринчи синфга қабул қилинди. Тантанали тадбирда уларга Президент совғалари топширилди.
Қувонарлиси, мазкур мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари нафақат байрамона кайфият, балки амалий ўзгаришлар билан уйғун кечди. Инвестиция дастури доирасида 18 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, мактаб биноси капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 420 ўринли қўшимча ўқув биноси барпо этилди.
[gallery-31215]
Мактаб ҳудудида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, спорт билан шуғулланиши учун ҳам шароитлар яхшиланди. Хусусан, 1,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан замонавий спорт майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу каби янгиланишлар таълим муассасасини шунчаки таъмирлаш эмас, балки болалар учун муносиб ўқув муҳитини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Тадбирда таълим-тарбия соҳасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи педагогларга Қарши шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тантанада яна бир ўзига хос жиҳат кузатилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Адҳам Худойқулов ҳам ўзи ўқиган мактаб сифатида 23-мактабга ташриф буюриб, бу даргоҳда таълим олгани, мактаб унинг ҳаётида алоҳида ўрин тутиши ҳақида сўз юритди. Мактаб ўқувчиларига китоблар жамланмасини совға қилди.
Китобнинг қадри, илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида гап кетганда, бундай ташаббус айниқса, рамзий маънога эга. Чунки бугун мактаб партасида ўтирган ҳар бир боланинг келажакда қайси касбни танлаши, қандай инсон бўлиб вояга етиши, аввало, унинг билимга муносабати ва китоб билан дўстлигига ҳам боғлиқ.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Болаларнинг қувончи, ота-оналарнинг ҳаяжони ва устозларнинг эзгу ниятлари уйғунлашган бу лаҳзалар байрамга янада файз бағишлади.
Ниҳоят, барча интиқиб кутган “Биринчи қўнғироқ” янгради. Бу қўнғироқ шунчаки янги ўқув йили бошланганидан дарак берувчи садо эмас. У ўқувчиларни янги билимлар, янги изланишлар ва янги марралар сари чорловчи рамзий даъватдир.
Шундан сўнг янги ўқув йилининг илк дарслари – “Мустақиллик дарслари” бошланди. Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ҳам дарс жараёнида иштирок этиб, ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари