Янги ўқув йили: 1-синфга қабул тартиби янгича шаклда йўлга қўйилмоқда
Мамлакатимизда таълим тизимини рақамлаштириш ва давлат хизматларидан фойдаланишни янада қулайлаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, болаларни мактабга қабул қилиш жараёнини шаффоф, тезкор ва аҳоли учун қулай тарзда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, янги ўқув йили учун 1-синфга қабул тартиби белгиланди.
Қайд этилишича, 2026–2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул бўйича давлат хизмати жорий этиладиган туман ва шаҳарлар рўйхати тасдиқланди.
Қабул жараёни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали амалга оширилади.
Аризалар 2026 йил 20 июндан 31 июлга қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1 августдан 31 августгача эса микроҳудуддан ташқари ҳудудлар учун қабул қилинади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 1-синфга болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Яъни, 2026–2027 ўқув йили учун 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар мактабга қабул қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА