«Янги Наманган»да Янги Ўзбекистон шукуҳи
Президентимиз ташаббуси билан бошланган «Маънавият фестивали» доирасидаги «Маданият карвони» ўзининг маърифий ҳаракатини Наманган вилояти бўйлаб амалга ошира бошлаганди.
Машҳур санъаткорларнинг чиқишлари, таниқли актёрларнинг ижролари, зиёли инсонлар, маърифатпарвар олимларнинг мулоҳазалари, ҳофизларнинг хонишлари, намойиш этилаётган кинолар наманганликларни асло бефарқ қолдирмади.
Бизнинг гуруҳ «Янги Наманган» туманига бириктирилган бўлиб ундаги Ўзбекистон халқ артистлари Гулчеҳра Саъдуллаева, Дилфуза Раҳимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, иқтидорли шоир Ғайрат Мажид, истеъдодли олима ва шоира Шаҳло Аҳророва, таниқли театр актёрлари Бозорбек Холмўминов ва Фахринисо Ҳайитмуродова, хушовоз хонандалардан Ҳабибулло Шамсиев, Фахриддин Холназаровларнинг чиқишлари наманганликларнинг қалбига эш бўлгани рост.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тарқатилган 7 мингдан зиёд китоблар маърифатга ошна ва ташна қалблар учун муносиб совға бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Нодирбек Холбўтаев табрик нутқида маданият, санъат ва маърифатнинг шифоси руҳият озиғи эканини таъкидлади.
Маърифий сафар давомида Янги Наманган ҳудудидаги янги қурилган уйларнинг калитини топшириш тадбири бўлиб ўтди. 120 та ўринли беш қаватли уйлар боқувчисини йўқотган аёллар, ногиронлар, ижтимоий кам таъминланган оилаларга топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.
Эртаси куни туманда «Ёшлик сув иншооти»нинг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими иштирок этди ва бу жойга 43 йил мобайнида тоза ичимлик суви келмаганлигини айтди. Президентимизнинг топшириқлари асосида 1-2 йил ичида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр билдирди. Янги Наманганда янги Ўзбекистоннинг шукуҳи ва давлат раҳбарининг хитоби янграётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Мазкур тумандаги 2 - 68 - ҳамда 93 - сонли умумтаълим мактабларидаги таълим-тарбия жараёни ва шароитлар билан яқиндан танишилди. 68 - сонли мактаб директори Саида Бурҳонова ўз ўқувчиларини спорт ва санъат соҳасида дунё миқёсида ютуқларга эришганини тўлқинланиб сўзлади. 2 - сонли умумтаълим мактаби директори Умидахон Тўхтабоева ғурурланиш асносида вилоят ҳокимининг ўзи ҳам худди шу мактабда ўқиганини айтди. Мактаб ниҳоятда дид билан замонавий йўсинда таъмирланганининг гувоҳи бўлдик. Биз билан ҳамроҳ бўлиб юрган Янги Наманган тумани ҳоким муовини Аъзамжон Исоқов ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наманган бўлими раҳбари Зиёвуддин Мансурлар ҳам бундай ўзгаришларни ислоҳотларнинг мантиқан асоси ва исботи эканини айтиб, халқ онгу тафаккурида қурилишларга яраша бурилишлар ҳам бўлаётгани, барчани яратувчанлик, бунёдкорлик кайфияти билан яшаётганини эътироф этишди.
Иқтидорли шоир Ғайрат Мажид тадбирлардан бирида йиғилганларга «Биз қайси вилоятга бормайлик, очиқ чеҳра карнай-сурнайлар билан, нон - туз билан кутиб олишини кўриб завқланамиз. Яқинда хизмат сафари билан Афғонистонда бўлдик. Шунда самолётдан тушганимиз заҳоти юрагимиз орқага тортиб кетди. Сабаби бизни қуролланган аскарлар, танклар билан кутиб олишди. Кейин ўйлаб қолдим, бу қандай ҳолат, нима бўлди десам, биз сизларни қўриқлаб омон - эсон манзилга олиб боришимиз керак нотинчлик бўлгани учун шундай қилмасак бўлмайди, дейишди. Ўшанда тинчликнинг қадрига етиш заруратини яна бир бор ҳис этдим. Энди нон-туз билан кутиб олинган Ўзбекистонимизнинг ва танклар, совуқ қуроллар билан пешвоз чиққан Афғонистонни бир муқояса этиб кўринг. Яна бир нарсани эслатмоқчиман, онаизорим менга бир дуо қилинг десам, қисқа, лўнда қилиб «тинчлик бўлсин, тани сиҳатлик, хотиржамлик бўлсин» деган дуони қиларди. Онажон, мен сизга бир кенгроқ дуо ўргатайми, деб ҳазиллашардим. Онаизорим мийиғида кулимсираб қўяр ва индамасдилар. Аслида, эл-юртга тинчлик ва осойишталик тилашдан қадрлироқ ва улуғроқ дуо йўқ экан. Кейин онаизоримга айтган эътирознамо гапимдан хижолат чеккандек бўлдим».

Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли Ибрат номидаги Ижод мактабида севимли шоирамиз Зулфия Мўминова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бош муҳаррири Салим Ашурлар билан биргаликда ижодий мулоқот уюштирилди. Чет тилларни ўқитишга ихтисослашган ушбу ижод мактабида ўқувчиларнинг ўзбек шоирларининг шеърларини инглиз, француз, немис, турк тилларига таржима қилиб ўқиганлари бизларни ҳаваслантирди. Сўнгра меҳмон сифатида иштирок этганлар ҳам она тил, она ватан туйғуси ва китобсеварликка даъват руҳидаги шеърларидан намуналар ўқиди. Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам табрикларида келтирилган Исҳоқхон тўра Ибратнинг ушбу мулоҳазалари ва хитоби яна бир бор эсланди. "Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир!»
Янги Ўзбекистон руҳи янги Наманган шукуҳи билан уйғунлиги барчани руҳлантирди, ислоҳот ва сиёсатнинг ҳосиласи экани эътироф этилди.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси