“Янги Наманган”да оммавий марафон
Марафон давомида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда аҳолининг спортга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Янги Наманган” шаҳарчаси марказий кўчасида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Талаба югур” ва “Ҳарбий югур” шиори остида оммавий югуриш марафони ташкил этилди.

“Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида республика Спорт вазирлиги ташаббуси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уюштирилган мазкур марафонда Наманган вилоятидаги мавжуд олий таълим муассасалари талабалари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, спорт ихлосмандлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан 5 минг 100 дан ортиқ иштирокчилар қамраб олинди.

Оммавий спорт тадбири кўтаринки кайфият ва спортга хос дўстона муҳитда ўтказилиб, унда қатнашчилар ўз фаоллиги ва иштиёқини намоён этди.

Мусобақа якунида ғолиб-совриндорлар ҳамда фаол иштирокчилар медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА