Янги Наманганда бизнес ва инвестицияни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманида туман ҳокимининг маҳаллий ва хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ҳамда ташаббускорлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Тадбирда Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Учрашувда инвестиция имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида туманнинг жорий йил дастлабки ойларидаги иқтисодий кўрсаткичлари ҳам таҳлил этилди. Қайд этилганидек, 2026 йилда умумий қиймати 1 триллион 375,3 миллиард сўм бўлган 110 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 38 та лойиҳа ишга туширилиб, қарийб минг нафар фуқаро иш билан таъминланган.
[gallery-28921]
Шунингдек, йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, 96,7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди. Экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий бўлиб, 10,25 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилган. Бу ҳажмнинг асосий қисмини саноат маҳсулотлари ташкил этмоқда.
Тадбир доирасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун яратилган имкониятлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Лойиҳа ташаббускорлари ўз ғоя ва таклифларини билдириб, банк вакиллари томонидан уларни молиялаштириш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Якунда тадбиркорларнинг солиқ, кредит, ер ажратиш ва имтиёзлар билан боғлиқ муаммо ҳамда таклифлари тингланди. Уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди, айрим масалалар эса жойида ҳал этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА