Янги Наманган маҳалласида замонавий оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Наманган вилояти Норин туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва замонавий тиббий инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Навбатдаги ана шундай эзгу ташаббус доирасида Янги Наманган маҳалласида 20-оилавий поликлиникани фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоятдаги ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла аҳли, нуронийлар ҳамда тиббиёт соҳаси вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, Янги Наманган маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда Норин туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида олиб борилмоқда. Барпо этилган янги оилавий поликлиника аҳолига тиббий хизматларни яшаш ҳудудига яқинлаштириш, профилактика ва эрта ташхислаш ишларини янада самарали ташкил этиш имконини беради.
Биринчи типдаги мазкур оилавий поликлиника 9 минг 300 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Муассасада беморлар учун зарур ва қулай шароитлар яратилган. Хусусан, эркаклар ва аёллар учун алоҳида кундузги даволаш бўлимлари ташкил этилган. Эмлаш жараёнида оналар ва болаларга қулайлик яратиш мақсадида махсус болалар хонаси ҳам барпо этилган.
Поликлиника қурилиши учун 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлса, муассаса 1 миллиард 500 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Поликлиникада рентген, УТТ ва ЭКГ аппаратлари, физиотерапия ҳамда лаборатория хоналари мавжуд. Акушерлик-гинекология хизмати учун зарур тиббий ускуналар, стоматология хонаси ҳам замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
[gallery-31147]
Жарроҳлик хонасида кичик амалиётларни ўтказишга мўлжалланган замонавий жарроҳлик столи ўрнатилган. Бу эса аҳолига айрим тиббий хизматлардан яшаш ҳудудининг ўзида фойдаланиш имконини янада кенгайтиради.
Янги поликлиниканинг ишга туширилиши Янги Наманган маҳалласи аҳолиси учун тиббий хизматлардан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратиб, касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Замонавий тиббий инфратузилма билан таъминланган мазкур муассаса Норин туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодасидир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА