“Янги нафас” ёшларни бирлаштирди
Навоий шаҳрида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги нафас” спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз” шиори остида ташкил этилган марафонда югуриш ҳаваскорлари, спортчилар, талабалар, ҳарбийлар, ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Марафонда 5 ёшдан 75 ёшгача бўлган юртдошларимиз қатнашди, – дейди вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Ойбек Раҳмонов. – Югуришга келганлар орасида мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларидан тортиб нафақадаги отахонлар, ногиронлиги бўлган юртдошларимизни учратиш мумкин. Бугунги марафон яна бир бор барча тоифадаги юртдошларимизни бир байроқ остига жамлади, десак муболаға бўлмайди.
Шаҳарнинг асосий кўчаларидан бири – Ислом Каримов кўчаси бўйлаб 3 километр масофада ташкил этилган мусобақа финишига бирин-кетин иштирокчилар етиб келишди. Улар орасида турли ёшдаги юртдошларимизни учратиш мумкин.
[gallery-12486]
– Бугунги мусобақада қатнашганимдан хурсандман, – дейди марафон иштирокчиларидан бири Аброр Жозилов. – Ўзим талабаман. Мусобақада кўплаб дўстлар орттирдим. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, эндиликда ҳар куни тонгда биргаликда суҳбатлашишга келишиб олдик.
Мусобақа ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Тақдирлаш маросимида санъаткорлар томонидан Ватанни, мустақиллик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА.