Янги муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 25 март куни имзоланган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда ушбу соҳа ва унга дахлдор йўналишлар ривожини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсад қилинган ушбу қонун 8 та боб, 65 та моддадан иборат бўлиб, ҳар бир йўналишнинг мазмун-моҳияти, унинг ўзига хос жиҳатлари, тегишли параметрлари, атама ва мезонлари батафсил тасниф этилган.
Қонунда келтирилганидек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини тартибга солиш, таълим тизими, фуқароларнинг иш, яшаш ҳамда бошқа жойларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ва тадбирларини ташкил этиш, спорт захирасини тайёрлаш, терма жамоалар ва уларни тайёрлаш, саралаш, моддий, тиббий, молиявий ҳамда бошқа таъминотларини шакллантириш масалалари белгиланган.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолининг яшаш ва дам олиш жойи бўйича жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун керакли инфратузилмаларни яратиши, тегишли мутахассисларни жалб этиш, санаторий-курорт муассасалари, дам олиш уйлари ва туристик базалар раҳбарлари фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида жисмоний тарбия компонентларидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиши келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, янги қонунда ногиронлиги бўлган шахсларни адаптив жисмоний тарбия ва спорт усулларидан фойдаланиши, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишини белгиланган тартибда ташкил этиши назарда тутилган.
Янги Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги янги муваффақиятларини таъминлашга қаратилган ушбу қонун келгусида соҳанинг барча жабҳалари, дахлдор тузилма ва йўналишларида уйғунлик касб этади. Бу келгуси муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори экани билан эътиборли саналади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА