Янги меҳнат кодекси қандай манфаатларни кўзлайди?
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Тадбирда Президентимиз томонидан 2022 йил 28 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни асосида тасдиқланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг аҳамиятини ҳуқуқни қўлловчиларга тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуман аввалида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов қайд этганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дилмурод Исмоилов, Абдумалик Акрамов ўз маърузаларида янги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида таҳлил этилиб, маромига етказилгани таъкидланди.
[gallery-9451]
Меҳнат соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга. Амалдаги меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, замонавий воқеликка мос келмайди. Ушбу кодекс фуқароларни меҳнатга жалб қилишнинг янги шаклларини назарда тутмайди. Шу боис ҳам янги таҳрирдаги меҳнат кодекси ишлаб чиқилиб, давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланди.
Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли уч баробар катта бўлиб, 581 та моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.
Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади. Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.
Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.
– Амалдаги кодекснинг фойдаланиш кўлами асосан давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналарига қаратилган бўлиб, кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорликда ишлайдиган шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятлари ҳисобга олинмаган, – деди семинар муҳокамаларида сўзга чиққан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов. – Бундан 27 йил олдин ишлаб чиқилган, ҳозирда кучда турган Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида қабул қилинган эди. Ўша кезларда кодексда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир эса 83 фоиздан ошган. Амалдаги меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат учта асос мавжуд. Янги Меҳнат кодексида эса 19 та асос келтирилмоқда. Бундай нормаларнинг кенгайиши бизнес юритиш ҳамда жадал суръатларда ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беради.
Семинар якунида алоҳида келтириб ўтилганидек, янги таҳрирдаги кодекс меҳнат муносабатлари соҳадасиги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, парламент вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, бандлик маркази мутахассислари, ҳуқуқшунослар томонидан янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини фуқароларга, ижро этувчи мутасаддиларига ҳамда тадбиркорларга кенг кўламда етказиш лозимлиги билдирилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.