Янги марказ фаолияти йўлга қўйилади
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида “инсульт маркази” фаолиятини йўлга қўйиш орқали, марказда ривожланган давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Шу муносабат билан марказга Польшанинг Варшава ҳарбий тиббиёт институти неврология ва инсультология клиникаси етакчи неврологи, тиббиёт фанлари доктори, доцент Ясек Стажевский ташриф буюрди. Мутахассис марказ директори М.Ражабов ҳамроҳлигида “цереброваскуляр” касалликлар билан оғриган беморларни даволаш-диагностикаси учун яратилган шароит ва замонавий МСКТ, МРТ, ангиография бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Филиалда “Инсультга дуч келган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг муаммолари, бажарилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида мутахассислар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

– Давра суҳбатида “ишемик инсульт”га чалинган беморларда эрта диагностика, тромболизис терапиясини ўтказиш, торайган церебрал томирларни стентлаш, церебрал томирлар артериовеноз мальформацияси ва аневризмаларини эмболизация қилиш масалалари таҳлил қилинди. Аҳамиятлиси, филиалда “инсульт маркази”ни ташкил қилиниши натижасида кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва ногиронликни олдини олиш имконияти яратилади. Бунинг учун аҳоли ўртасида инсульт содир бўлиш вақтдаги белгилар, беморларни тезроқ стационарга етказиш хусусида тиббий билим ва кўникмаларни ошириш, тез ёрдам хизмати билан ўзаро узвийлик масалаларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди, – дейди марказ директори М.Ражабов.
Келгусида польшалик мутахассислар билан нейроинтервенция йўналишида “маҳорат дарслари” ўтказиш ва филиал мутахассисларини Варшава ҳарбий тиббиёт институтининг неврология ва инсультология клиникасига малака ошириш учун юбориш режалаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири