Янги мактаблар – келажак авлод учун муҳим қадам
Янги мактабларнинг барпо этилиши, мавжуд таълим муассасаларининг кенгайтирилиши аввало, ўқувчилар учун қулай ва замонавий шароит яратишга хизмат қилади.
Бу орқали синфлардаги ўқувчилар сонини меъёрлаштириш, таълим сифатини ошириш, болаларнинг билим олиши учун тенг имкониятлар яратиш мумкин. Энг муҳими, мактаблар сонининг кўпайиши нафақат бугунги эҳтиёжни қоплайди, балки келажак авлод учун мустаҳкам таълим инфратузилмасини яратади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йили бошида фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари сони 11 118 тани ташкил этган.
Бу кўрсаткич 1991/1992 ўқув йилига нисбатан 1,3 баробарга ошган.
Умумий ўрта таълим ташкилотлари сонининг ўқув йиллари кесимидаги динамикаси:
1991/1992 ўқув йили — 8 557 та;
1995/1996 ўқув йили — 9 289 та;
2000/2001 ўқув йили — 9 726 та;
2005/2006 ўқув йили — 9 803 та;
2010/2011 ўқув йили — 9 806 та;
2015/2016 ўқув йили — 9 720 та;
2020/2021 ўқув йили — 10 181 та;
2021/2022 ўқув йили — 10 289 та;
2022/2023 ўқув йили — 10 522 та;
2023/2024 ўқув йили — 10 750 та;
2024/2025 ўқув йили — 10 943 та;
2025/2026 ўқув йили — 11 118 та.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантиришни умуммиллий мақсад ва устувор вазифа деб эълон қилган. Мамлакатда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи ташкил этилган, таълим сифатини ошириш ва янги ўқув биноларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА