Янги мактаб фойдаланишга топширилди
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида Президентимизнинг 2023 йил 12 декабрдаги “2024 - 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 990 ўринли янги умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Зарафшон шаҳрининг Юлдуз маҳалласида бунёд этилган янги мактаб ҳам ушбу хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мактаб замонавий талаблар асосида қурилиб, энг сўнгги русумдаги мебель ва ўқув техник воситалари билан жиҳозланди. 4 қаватли бинода 34 та синф хонаси, махсус жиҳозланган хоналар, спорт зал, кутубхона, анжуманлар зали, шунингдек, мактаб ҳудудида очиқ мини футбол ва гимнастика майдонлари барпо қилинган.

Мактабнинг барча синф ва маъмурий хоналари, йўлаклар ва ҳовли қисмига видеокузатув тизими ўрнатилган ҳамда объект ёнғинга қарши сигнализация билан жиҳозланган.

Шу кунга қадар маҳалла ёшларининг бир қисми қўшни маҳалладаги мактабга қатнаб ўқишган бўлса, айрим ўқувчилар эса ундан-да узоқ мактабларга иккита жамоат транспорти орқали қатнашган.


Тадбирда иштирокчилар таълим масканида ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароит ҳамда имкониятлар билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири