Янги лаборатория иш сифатини оширади
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида янги бактериологик лаборатория иш бошлади.
Мазкур лаборатория Президентимизнинг 20 январь 2023 йилдаги “2023 – 2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори, унда белгилаб ва кўрсатиб берилган вазифалар ижроси доирасида туберкулёзни ташҳислаш имкониятларини кенгайтириш, Левенштейн – Йенсен қаттиқ озуқа муҳити ва BD BACTEC “MGIT” автоматлаштирилган технологияларидан фойдаланган ҳолда суюқ озуқа муҳитларида экма ва дориларга сезгирлик тестларини ўтказиш, юқумли касалликларни барвақт аниқлаш ва ташҳислаш мақсадида ишга туширилди.

– Сирдарёда туберкулёз касаллигига мойил бўлган беморларга Gene Xpert тезкор усулидан фойдаланган ҳолда ташхис қўйилган, биологик намуналар экма ва фенотипик сезгирлик тестларини ўтказиш учун Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги регионал лабораторияга жўнатилган, – дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Хайрулла Ражабов. – Бу эса ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлибгина қолмай, қўшимча харажат ҳам талаб қилган. Энди эса, сарсонгарчиликка чек қуйилди. Янгитдан иш бошлаётган бактериологик лаборатория хизмати Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Глобал жамғарма, USAID, KFW каби халқаро ҳамкорлар кўмагида йўлга қуйилди. Янги муассаса замонавий, энг сўнги ташҳислаш жиҳозлари билан таъминланган. Бактериологик лаборатория биносини қуриш, лабораторияга мослаштириш учун маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Қурилиш ишлари ҳашар йўли билан амалга оширилди.


Энг муҳими, туберкулёз ва дориларга турғун туберкулёзни ташҳислашда ушбу лабораториянинг қуввати ва хизмат кўрсатиш сифати бошқа ҳудудларникидан қолишмайди. USAIDнинг “Туберкулёздан холи Ўзбекистон” лойиҳаси эса Миллий туберкулёзга қарши кураш дастури билан биргаликда Сирдарёда ишга тушган, бактериологик лаборатория мутахассисларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, туберкулёзни тезкор ва замонавий ташҳислашни йўлга қуйиш, лаборатор ташҳислаш сифатини оширишда техник кўмак кўрсатади.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири.