Янги китоб: “Югурик сувлар қўшиғи”
Пойтахтимиздаги Ёзувчилар уюшмаси биносида уюшма аъзоси, кўплаб тарихий ва бадиий асарлар муаллифи Галина Долгаянинг ёзувчи ва таржимон Рисолат Ҳайдарова таржима қилган “Югурик сувлар қўшиғи” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, асар ёзилишида маслакдош ва ҳамфикр бўлган тарих фанлари доктори, профессор, археолог Рустам Сулаймонов, адабиётшунослар Адҳамбек Алимбеков, Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар янги асар ва янги таржима ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Ёзувчининг тарихий мавзуни қаламга олгани, мавзуни пухта ўргангани алоҳида эътироф этилди. Таржимоннинг бадиий таржимонлик маҳорати ҳам алоҳида таькидлаб ўтилди.

– “Югурик сувлар қўшиғи” романида узоқ тарих ҳақидаги ҳақиқатлар, заминимиздаги ўтмиш ҳақида гап боргани учун ҳам менинг эътиборимни тортди ва таржима қилишга киришдим, – дейди ёзувчи ва таржимон Рисолат Ҳайдарова. – Асар ўта нозик дид ва теран нигоҳ билан ёзилган. Ундаги қаҳрамонлар исми жуда гўзал ва маънодор.

Шунчаки ўқиган одамни ҳам диққатини тортади. Ўзимизнинг диёримизда яшаб, Ўзбекистон ва унинг тарихи ҳақида ёзган ҳар бир ижодкор асарининг ўзбек тилига ўгирилиши бизнинг Ватан олдидаги бурчимиз, деб биламан. Ёзувчи Галина Долгаянинг “Ерқўрғон осмонидаги лочин” ҳикоясини таржима қилганимда, адибага бўлган қизиқишим пайдо бўлган. Чунки унинг асарида юртимизга бўлган ўзгача меҳрни кўрганман. Ёзувчи ҳақиқатдан шу диёрни яхши кўради ва буни асарларида ҳам яширмаган. “Югурик сувлар қўшиғи” айнан ана шу асарнинг давоми. Ушбу тарихий асардан ўзбек китобхонлари ҳам баҳраманд бўлишини хоҳладим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Галина Долгая мамлакатимизнинг қадим тарихи мавзусида қалам тебратиб келади. Унинг “Кузнинг хаёлий жозибаси”, “Қора қумлар шивири”, “Буюк Темур ҳақида триптих”, “Мени кашф эт!” каби насрий китоблари шулар жумласидандир.
Г.Долгая “Ўрта денгиз илоҳлари” романи учун Буюк Британияда ўтказилган “Opеn Cеntral Asia Book Forum and Litеraturе Fеstival” халқаро адабий танлов ғолиби бўлган.

Унинг навбатдаги романи – “Югурик сувлар қўшиғи” милоднинг III асри воқелигидан ҳикоя қилади. Асар воқеалари асосан Марказий Осиёнинг муҳим тарихий ҳудудларидан бирида, айнан Нахшабда – Қашқадарё водийсида жойлашган, Буюк Ипак йўли марказларидан бири бўлган Жанубий Суғдда рўй беради.
Суғдиёна ёки бошқача айтганда Суғд ё Суғуд Марказий Осиё тарихини, шу ҳудуддаги қадимги мамлакатларнинг шарқий ва ғарбий қўшнилари билан алоқаларини англашда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакат Қашқадарё ва Зарафшон дарёлари водийларида жойлашган, “Авесто” каби қадимий китобларда, юнон тарихчилари ва хитойлик савдогарлар таърифларида, подшо Дарий I Беҳистун қоясида ёздирган битикларда тилга олинган.
Галина Долгаянинг “Югурик сувлар қўшиғи” романи бир неча йил аввал рус тилида “Песни бегущей воды” номи билан эълон қилинган бўлиб, тарихий асар мухлислари орасида катта қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг асар таниқли ёзувчи ва таржимон Рисолат Ҳайдарова томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, “Адабиёт” нашриётида “Адиб ва жамият” рукни остида нашр этилди.

Романда қадим шаҳар жонланади, у учинчи асрда Қарши воҳасининг пойтахти бўлиб, ўша пайтда Никшапайя деб аталган. Роман қаҳрамонларининг саргузаштлари олис Иссиқкўлдан то унумдор водийлар мамлакати – икки дарё оралиғигача бўлган ерларда кечади. Йўл оддий инсоннинг ҳаётини ўзгартириб юборади, уни тирикликнинг моҳияти, илоҳлар ва одамлар ҳақида ўйлашга мажбур қилади, буларнинг бари сирли илоҳий ҳадя – мўъжизакор шифо қудратига эга бўлган тумордан бошланади.
Романни мутолаа қилаётган ўқувчининг кўз ўнгида тарихий шаҳарлар, карвон йўллари, қадим дарёлар ва уларнинг ҳаётбахш сувидан қувват олиб яшнаётган далалар, қўналғалар, қишлоқлар намоён бўлади. Асар китобхоннинг қадим тарихимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган Нахшабдек бой, сирли ва жумбоқли ўлка ҳақидаги тасаввури кенгайишига имкон беради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Таржима кенгашининг 2021 йил якунларида “Югурик сувлар қўшиғи” романининг таржима қилиниши юқори баҳоланган.
Тадбир сўнгида йиғилганларга янги чоп этилган китоб тақдим этилди.
Д.Маматова, ЎзА