Янги китоб тақдимоти: “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” (+видео)
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шоир ва публицист Шаҳриёр Шавкат қаламига мансуб “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” номли китоб тақдимоти ҳамда адабий кеча бўлиб ўтди.
“Жадид кутубхонаси” рукни остида нашр этилган мазкур сафарнома муаллифнинг Афғонистонга амалга оширган сафари давомида орттирган таассуротлари, тарихий воқеалар, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий мерос ва бугунги ҳаёт манзараларини бадиий-публицистик услубда ўзида мужассам этган. Асарда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфий, Бобораҳим Машраб ва Абу Райҳон Беруний каби улуғ аждодларимиз билан боғлиқ муқаддас қадамжолар, шунингдек, Мозори Шариф, Балх, Кобул, Ҳирот, Ғазни ҳамда Тахор вилоятларига оид тарихий ва замонавий кузатувлар кенг ёритилган.
Тақдимот маросими адабиёт, тарих ва миллий меросни улуғлаш руҳида ўтиб, унда китобнинг ғоявий-бадиий аҳамияти, халқимизнинг тарихий хотирасини асраш, аждодлар меросини ўрганиш ҳамда ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Тадбирда “Жадид” газетаси Бош муҳаррири, лойиҳа раҳбари Иқбол Мирзо, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдулла Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директор ўринбосари Мақсуд Асадов, “Зиё” медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева иштирок этиб, китобнинг мазмун-моҳияти, унинг маърифий ва тарихий аҳамияти, шунингдек, миллий ўзликни англаш ва маънавий қадриятларни тарғиб этишдаги ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Адабий кеча давомида муаллиф билан самимий ижодий мулоқот ташкил этилди. Иштирокчилар китобнинг яратилиш тарихи, сафар таассуротлари ҳамда асарда акс этган тарихий воқеалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир давомида шеърий чиқишлар ва адабий мушоҳадалар кечага ўзгача руҳ бағишлаб, китобсеварлар учун унутилмас таассурот қолдирди.
Мазкур адабий учрашув миллий адабиётимиз, тарихий хотирамиз ва бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда китобсеварлар ва ижод аҳли ўртасидаги маънавий мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим маданий-маърифий тадбирлардан бири бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Puin5E1NIyg" title="Yangi kitob taqdimoti: “Hirotga, bobomning huzuriga!”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов. ЎзА