ЯНГИ КИТОБ: “Чайқалган қайиқларда”
“Шарқ” нашриёти томонидан севимли шоиримиз Абдулла Шернинг “Чайқалган қайиқларда” номли шеърий китоби чоп этилди.
“Шарқ” нашриёти томонидан севимли шоиримиз Абдулла Шернинг “Чайқалган қайиқларда” номли шеърий китоби чоп этилди.
Китоб замонавий кўринишга эга бўлиб, унга шоирнинг турли йилларда ёзилган, нафис туйғулари йўғрилган шеърлари киритилган.
Ушбу китобдан ўрин олган “Ҳаёт гўзал”, “Оқ сукунат”, “Фонуслар”, “Декабрнинг сўнги кунлари”, “Севги дунёси”, “Опам ҳақида баллада”, “Тишсиз шеър”, “Муҳаббат қучоғида” каби шеърларини ўқисангиз, туйғуларингиз янгиланади, шоир илҳомидан юрагингиз таскин топиб, руҳиятингиз енгиллашади.
“Чайқалган қайиқларда” китоби қуйидаги шеър билан бошланади:
Кулиб-кулиб, яшадим қанча,
Йиғлаб-йиғлаб, қанча яшадим!
Ҳақиқатни дилга тукканча,
Бу дунёда анча яшадим.
Мусиқани севиб юракдан,
Айлантирдим умримни созга;
Битта бўлиб қулоқ, юрак, тан,
Ном бахш этди номсиз овозга.
Олам кездим юртимни севиб,
Қадамимдан дув тўкилди вақт.
Сўзларимни эрк билан ювиб,
Мен ўстирдим Шеър деган дарахт.
Бир дарахтки, шамолларга ҳам
Берар овоз, берар ожиз тил;
Бир дарахтки, хаёлларга ҳам
Ранг улашиб, қилар ям-яшил.
Тебранади менинг дарахтим,
Мангу сўлмас боғларга ошно.
Удир менинг илдизли тахтим,
У сўз бўлиб эврилган дунё!