Янги инвестиция лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилади
Бугун дунёда иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим мезонларидан бири — инвестицияларни жалб этиш, саноатни модернизация қилиш ва ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланишдир. Шу нуқтаи назардан, Қоровулбозор туманида саноатни ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ҳудудларига инвестицияларни кенг жалб этиш, хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган ташаббуслар бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шу вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ҳокими Ўткир Ҳамроев Хитойнинг “Quzhai Co” Ltd. компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда туман иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд саноат корхоналарининг имкониятларидан унумли фойдаланиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — туманда фаолият юритаётган “Buxara Euro Sement” корхонаси билан ҳамкорликда цемент маҳсулотлари ҳамда газобетон блоклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинганидир. Бу ташаббус оддий ишлаб чиқариш лойиҳаси эмас. У маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари турини кенгайтириш, ички бозор талабини таъминлаш, янги саноат занжирларини шакллантириш ва энг муҳими, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Хитойлик инвесторларга лойиҳа жойлаштирилиши режалаштирилаётган ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, мавжуд саноат имкониятлари, хомашё базаси ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Инвесторлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан қатор саволлар билан мурожаат қилди. Уларнинг ҳар бирига мутасаддилар томонидан аниқ ва асосланган жавоблар берилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш, лойиҳанинг техник ва иқтисодий параметрларини белгилаш, инфратузилма масалаларини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичларини аниқлаш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумки, ҳар қандай ҳудуднинг иқтисодий қудрати фақат мавжуд корхоналар сони билан эмас, балки янги лойиҳаларни жалб қилиш ва уларни юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларга айлантира олиш қобилияти билан ҳам белгиланади. Қоровулбозорнинг саноат салоҳияти, транспорт-коммуникация имкониятлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси эса янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун муҳим омил ҳисобланади.
Айниқса, цемент ва газобетон каби қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳудудда қурилиш индустрияси билан боғлиқ янги кооперация занжирларини вужудга келтириши мумкин. Бу эса бир томондан маҳаллий бозорни сифатли маҳсулот билан таъминласа, иккинчи томондан тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

Лойиҳа амалга ошса, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади, аҳоли учун муносиб ва доимий иш ўринлари яратилади, маҳаллий бюджет тушумлари ошади. Энг муҳими, туманда саноат кооперацияси янада кучайиб, хорижий сармоя асосида замонавий технологияларни жорий этиш учун янги замин яратилади.
Учрашув якунида инвестиция лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқиш, техник ва ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш, лойиҳа параметрларини аниқлаш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу эса Қоровулбозорда инвестиция муҳити тобора кенгайиб, хорижий ҳамкорлар билан амалий мулоқотлар аниқ лойиҳаларга айланаётганидан далолат беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири