Янги имкониятлар маскани бунёд этилди
Давлатимизда ёшларга оид сиёсат изчил ва амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Юрт келажаги эгаларининг билимли, касб-ҳунарли, жисмонан соғлом ва маънан етук бўлиб камол топишига қаратилган бундай эътибор натижаси ўлароқ, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида замонавий Ёшлар шаҳарчаси фойдаланишга топширилди.
Янги йилда туман ёшлари учун муносиб байрам туҳфаси сифатида барпо этилган ушбу мажмуага 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Ўн гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган шаҳарча таркибида спорт комплекси, ахборот-ресурс маркази, адабиёт, санъат ва маданият йўналишидаги қатор ижтимоий объектлар жой олган. Айниқса, мажмуанинг салмоқли қисми спорт инфратузилмасига ажратилгани эътиборга молик. Бу ерда очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, сузиш ҳавзаси, катта теннис корти, волейбол, баскетбол ҳамда воркаут майдонлари барпо этилди. Иккита замонавий спорт зали эса турли йўналишдаги машғулотлар учун хизмат қилмоқда.

Катта ўйингоҳ атрофида ташкил этилган югуриш йўлаги туман аҳолиси учун ҳам соғлом турмуш тарзига қадам қўйиш имконини яратди.
Алишер Навоий ҳамда Ғофур Ғулом номидаги, Чинобод, Саноатчилар ва Мевазор маҳаллалари аҳолиси бу ерда эрталабки бадантарбия машқлари ва сайрларни одатга айлантирган. Шу маънода, Ёшлар шаҳарчаси нафақат ёшлар, балки барча авлод вакилларини оммавий спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эътиборли жиҳати, 2025 йилда Дўстлик тумани спортчилари халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда 54 та медални қўлга киритди. Хусусан, паралимпиячилар Бунёд Ҳайитмуҳамедов, Фарҳод Умрзоқов, Роза Қўзиева ва Умиджон Абдуҳалиловнинг халқаро ареналардаги ютуқлари туман спорт салоҳияти юксалаётганидан далолат беради. Янги спорт иншоотларида эса кунига 1080 нафардан ортиқ ёшлар спортнинг 15 га яқин тури билан мунтазам шуғулланишмоқда.

Шаҳарчанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу мажмуа бунёдкорлик, меҳр ва ишонч рамзи эканини таъкидлаб, у фақатгина бинолар мажмуаси эмас, балки ёшлар учун янги тафаккур, янги дунёқараш ва кенг имкониятлар маскани эканини қайд этишди. Шунингдек, Ёшлар шаҳарчаси Президентимиз томонидан Дўстлик тумани ёшларига билдирилган ишонч ва эътибор ифодаси экани алоҳида урғуланди.
Тантанали тадбир давомида спорт ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Очилиш маросимидан сўнг эса туман ташкилот ва корхоналари ўртасида футзал бўйича мусобақа ўтказилиб, байрам шукуҳига шукуҳ қўшилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири