Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотларнинг муҳим тафсилотларини тақдим этади.

Озарбайжон. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури бошчилигида Боку шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.
Пойтахтнинг Конгресс-марказида давлатимиз раҳбарини Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Ана-Клаудия Россбах кутиб олдилар. Тадбирда шаҳарларни барқарор ривожлантириш, арзон ва замонавий уй-жой, иқлим барқарорлиги, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия. Юқори даражадаги Стратегик Ҳамкорлик Кенгашининг 6-йиғилиши муносабати билан Туркия ва Қозоғистон етакчилари — Режеп Таййип Эрдоған ва Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги учрашувда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотда савдо, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, технология ва мудофаа соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар нефть экспорти ҳамда Ўрта коридор орқали юк ташиш имкониятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган.

Швеция бош вазири Ульф Кристерссон Готҳенбург шаҳрида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги савдо ва инвестицияларни келгуси беш йил ичида икки баравар ошириш масаласини муҳокама қилди.
Томонлар эркин савдо келишуви Швецияда қарийб 23 мингта янги иш ўрни яратишини таъкидлади. Учрашувда иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилган.

Эфиопия. Франция президенти Эммануэль Макрон Аддис-Абебада Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад билан расмий учрашув ўтказди.
Таъкидланишича, учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик, энергетика ва бошқа масалалар муҳокама қилинган. Томонлар Африкада барқарор тараққиёт ва ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА