Янги бошқарув тизимида ҳоким ўринбосарлари камаяди
Бугунги давр талаби, замонавий технологиялар асосида мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими такомиллашмоқда. Бунда асосий мезон самарадорликни ошириш, бошқарувнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш бўлмоқда.
Самарқандда ҳам вилоятнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тажриба ва замонавий ёндашувдан келиб чиқиб, янги тизим шаклланмоқда.
– Бошқарув тизимини қайта қуришнинг дастлабки босқичи сифатида вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг функциялари тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Алимардон Раҳматуллаев. – Бу жараёнда аниқланган ўз аҳамиятини йўқотган ва такрорланувчи вазифалар бутунлай бекор қилинади. Натижадорлик (KPI) кўрсаткичлари паст бўлган раҳбарларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўриш тизими йўлга қўйилади. Раҳбар ва ходимларнинг фаолиятини баҳолашда samaradorlik.uz онлайн платформасидан фойдаланилмоқда. Бунда ҳар бир раҳбарнинг кундалик фаолияти, дастурлар ижросини таъминлашдаги иштироки ва зиммасига юклатилган вазифаларнинг қай даражада бажараётгани мазкур тизимга киритилади. Шу асосида унинг фаолиятига инсон омили аралашмаган ҳолда баҳо берилади.
Айни чоғда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлашда маҳаллаларнинг роли ошиб бормоқда. Бир пайтлар икки-уч киши ишлаган маҳалла бугун етти кишилик жамоага айланган. Бошқача айтганда, ҳозир маҳалладаги ҳар бир йўналиш ва жараённи қамраб олган бошқарув тизими шаклланди. Маҳалла эндиликда фақат муаммо тингланадиган жой эмас, балки уларнинг ечими топиладиган марказ ҳисобланади. Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори ва солиқчи билан биргаликда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалалардан бошлаб, хавфсизликкача шу ернинг ўзида таъминлаши мумкин. Улар ягона мақсад ва KPI асосида фаолият юритади, шунга қараб уларнинг ишига баҳо берилади.
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 октябрдаги фармони мамлакатимизда маҳаллий давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди, – дея сўзида давом этади А.Раҳматуллаев. – Мазкур фармон, энг аввало, “Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш” тамойилини маҳаллий бошқарувнинг устувор мезони сифатида белгилаб берди. Фармонга кўра, жорий йилда юртимиздаги 33 туман ва шаҳарда тажриба-синов тарзида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” тизими йўлга қўйилмоқда. Жумладан, вилоятимизнинг Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларида янги бошқарув тизими жорий этилди. Бунда Республикада ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) даражасидаги 9 та ҳудудий бўлинмаси маҳаллий ҳокимликлар таркибига ўтказилди. Бу ўзгаришлар натижасида аввал турли идоралар ўртасида мувофиқлаштиришни талаб этган масалалар энди “ягона бошқарув маркази” орқали ҳал этилмоқда. Масалан, инвестиция лойиҳаларини келишиш, ер ажратиш, инфратузилма улаш ва бандлик масалаларини ҳал қилиш жараёнлари бир неча босқичдан эмас, балки ягона тизим орқали амалга оширилмоқда.
Янги тузилмага мувофиқ, тажриба ўтказилаётган туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳоким ўринбосарлари сони 4 нафар этиб белгиланди. Бу бошқарувни ихчамлаштириш, масъулиятни аниқ тақсимлаш ва қарор қабул қилиш тезлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ҳокимликларда янги таркибий бўлинмалар ташкил этилди. Хусусан, ахборот-таҳлил гуруҳи, ижро, назорат ва мурожаатлар билан ишлаш, энергия менежери, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчи фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, стратегик вазифаларни ҳал этадиган, ҳокимлик фаолиятини ташкилий-техник, ахборот-таҳлил, назорат ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган, бошқарув аппарати бўлинмалари фаолиятини умумий мувофиқлаштирадиган Ижро аппарати раҳбари лавозими жорий этилди.
Ушбу ҳокимликлар бошқарув аппаратининг тузилмаси ва штатларини туман ҳокимининг тақдимномасига биноан тегишли туман халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири KPI, яъни асосий самарадорлик кўрсаткичлари тизимининг жорий этилишидир. Энди ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари аниқ натижалар асосида баҳоланади. KPI кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган ҳудудларга келгуси йил учун “драйвер” лойиҳалар инфратузилмасини яратишга ажратиладиган маблағлар 15 фоизга оширилади.
Масалан, агар туманга инфратузилма учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, KPI кўрсаткичлари тўлиқ бажарилганда ушбу маблағ яна 15 миллиард сўмга оширилади. Аксинча, белгиланган кўрсаткичларга эришилмаса, маблағлар қисқартирилиши ва раҳбарларнинг лавозимига мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Фармон доирасида раҳбар кадрлар ротацияси тизими ҳам жорий этилмоқда. Бу эса тажрибали раҳбарларни бошқа ҳудудларга йўналтириш, илғор тажрибани оммалаштириш ва бошқарувда янгича ёндашувларни кенг татбиқ этиш имконини беради. Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, давлат хизматларини соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Бугун маҳаллий ҳокимликлар фақат бошқарув органи эмас, балки аҳоли ва тадбиркорлар учун комплекс хизмат кўрсатувчи замонавий институтга айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари яқинда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги фаолияти билан танишиб, ушбу туман мисолида бошқарувда рақамли технологияларни кенг қўллаш юзасидан топшириқлар берди.
Ҳокимликларда “Situation Center” (Вазиятлар маркази) ташкил этиш белгиланди. Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокимлигида ҳам сунъий интеллект элементларини ўз ичига олган марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Кадрлар сиёсатида “тасодифий” тайинловларга чек қўйилиб, тизимли ўсиш механизми яратилмоқда. Бунда олий таълим муассасаларини имтиёзли диплом билан тугатган ва очиқ танлов орқали келган ёшлар учун алоҳида “Карьера харитаси” ишлаб чиқилган. Хориждаги ватандошларни давлат бошқарувига жалб қилиш учун эса “Янги Ўзбекистон: глобал истеъдодлар мулоқоти” форуми ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, “Сирли мижоз” тизими асосида одоб-ахлоқ комиссиялари аъзолари оддий фуқаро қиёфасида ҳокимликлардаги хизмат кўрсатиш сифатини ўрганади ва баҳо беради. Аноним сўровномалар ўтказиш орқали эса раҳбарнинг муомаласи ва дам олиш кунлари ишга чақириш ҳолатлари бўйича доимий мониторинг юритилади. Раҳбар кадрларни тайинлашда энди одоб-ахлоқ комиссиясининг хулосаси мажбурий этиб белгиланди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири