“Янги Андижон”нинг янги лойиҳалари (+видео)
Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг янги турар-жойлар қурилгани, қурилаётганини кўрасиз. Андижонда ҳам шундай. Аммо бу лойиҳа ўзига хослиги, қурилиш саноати ва меъморчиликнинг кўплаб янги ишланмалари қўллангани билан ажралиб туради. Аввало унинг ҳажми, кўлами, миқдорий кўрсаткичлари энг катта рақамларда ифодаланган. Инфратузилмадаги янгилик, табиий манзарани сақлаб қолиш, экологик муҳит яратишдаги илғор ғоялар, буларнинг барчаси “Янги Андижон” шаҳарчасида мавжуд.
Бундан икки йил аввал шаҳар қурилиши қир-адирларни ўзлаштириш ва тупроқ ишларини бажаришдан бошланган эди. Ҳозирга келиб, 83 та уйларда қурилиш ишлари якунланяпти. Улардан 36 таси фойдаланишга топширилди ва аҳоли яшамоқда.
Ҳа, бир ёқда қурилиш ишлари жадал давом этаётган бўлса, иккинчи ёқда кўп қаватли янги уй-жой бинолари учун ер майдони тайёрланяпти. Бунинг учун қудратли техникалар катта миқдордаги тупроқ ишларини бажармоқда.
–Янги Андижон умуман 4 минг гектар ҳудудни эгаллаган бўлиб, ҳозир унинг 53 гектарида қурилиш ишлари амалга ошириляпти, – дейди штаб бошлиғи Шохруҳ Собиржонов. –Жами 192 та кўп қаватли уй-жойларимиз қурилиши белгиланган. Шу йилнинг ўзида фойдаланишга топшириладиган уйлар 100 дан ошади.
Гарчи расмий хужжатларда “шаҳарча” дейилсада, келгусида 400 минг аҳоли яшайдиган ҳудудни юртимизнинг каттагина шаҳари дейиш мумкин. Ҳар бир кўп қаватли уйнинг муҳандислик ечимлари мукаммал. Масалан, коммунал соҳа таъминотини олайлик.

–Коммуникацияга оид электр энергия, ичимлик суви, сувоқава тармоғи, интернет кабеллари, барчаси ер ости тоннели ичида бўлиб, бирон бир авария ҳолати рўй берса ер усти йўллари бузилмайди, – дейди Шохруҳ.
Ҳозирнинг ўзида Янги Андижон чирой очган, кўчалари кенг, обод шаҳар қиёфасига кирди. Бу ерда яшаётган аҳоли кафтдеккина ҳовлида боғ-роғ яратяпти, йиллик экин экмоқда. Болажонлар учун ҳар бир уй олдида каттагина ўйин майдончалари барпо этилган. Ҳали у уйда, ҳали бунисида уй тўйи.
–36 та кўп қаватли уй-жойларда 1150 та хонадон бўлса, унинг 956 таси сотилиб бўлинди, – дейди Шохруҳ Собиржонов.
Биз хонадон соҳибаси ижозати билан уйларнинг бирида бўлдик. Кенг, ёруғ хоналарда, қулай шароитларда яшашмоқда улар.
–Илгари 10 йил ижарада яшаганман, – дейди Ойхон Турғунова. – Бу уйлар менга жуда ёқди. Барча қулай шароитлар яратилган. Қолаверса, Янги Андижонда ҳамиша тоза ҳаво бор. Уйи йўқларни уйлик қилган давлатимизга, президентимизга раҳмат.
“Янги Андижон” шаҳарчасида ижтимоий соҳа иншоотлари ҳам қуриб битказилган. 1608 ўринли мактаб шу йил сентябрда дастлабки ўқувчиларни қабул қилишга тахт. 450 тарбияланувчи қабул қиладиган мактабгача таълим муассасаси билан танишар экансиз, ундаги шароитни кўриб ҳавасингиз келади. Яна қаерда шундай болалар боғчаси бор, дейсиз.

Уйларнинг бирида пардозлаш ишлари олиб борилар эди. Дарҳақиқат кенг хоналари, икки ёнда айвончалари бўлган бу хонадонлар ҳам аллақачон сотилган дейишди. Уй томида эса оилавий дам олиш “ҳовли”лари ташкил этилибди.
Шунча уй қаердан иситилади? Туркиянинг “MIMSAN GRUP” компанияси шаҳарча четига компьютерда бошқариладиган замонавий қозонхона қурган. Унинг улкан сиғимларидаги сув кўмир кукуни ёрдамида иситилади.
Шу қозонхонанинг ўзи 192 та кўпқаватли уйдаги 3 минг хонадонга иссиқлик етказиб бера олади, - дейди мухандис Кок Хон. – Келгусида яна иккита шу каби қозонхона қурамиз.
“Янги Андижон” ва Андижон шаҳри ўртасида аллақачон жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилган. Аҳоли бундан мамнун. Қолаверса, хайдовчилар ва аҳолининг интернет орқали мулоқоти ташкил этиляпти.
–Қатновда ҳозир 12 та машинамиз бор, – дейди хайдовчи Мирсаид Жўраев. –Эрталаб соат 7 дан то кечгача юрамиз. Шу ерда яшайдиган аҳоли билан телеграм группамиз бор. Машиналаримиз қаерда ҳаракат қилаётганлигини аҳоли билиб туради.
Бу ҳам “Янги Андижон” гагина хос хислат.

Биз реклама тўғрисидаги қонунга риоя қилиб айрим жиҳатларни тилга олмадик. Шаҳарчадаги энг катта ижтимоий биноларнинг бирида вилоятдаги барча банклар ваколатхоналари очилган. Кадастр, нотариал идора, бизнес маркази, сотув маркази ҳам шу ерда. Улуғнор туманидан келиб Андижонда ўқитувчилик қилаётган Темурбек Низомовни шу ерда учратиб қолдик.
–Ижарада туриб ишлар эдик, давлат берган субсидия асосида янги Андижон шаҳарчасидан 3 хонали хонадон харид қилдик, –дейди Темурбек Низомов. –“Саноатқурилишбанки” 20 йилга, 5 йиллик имтиёз билан кредит берди. Уни олишда ҳеч қандай муаммо бўлмади, бир ҳафтада уйнинг кадастр ҳужжатлари ва калити қўлимизда бўлди.
Ҳа, Янги Ўзбекистонга муносиб “Янги Андижон” қурилмоқда. Яқин келажакда эса у вилоят маъмурий марказига айланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят ҳокимлиги биносини “Янги Андижон” шаҳрига кўчириш ҳақида топшириқ берган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир ойдан сўнг бу ерда вилоят ҳокимлиги ва барча бошқарув идоралари бинолари қурилиши бошланади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/15x9vh04v6k" title="“YANGI ANDIJON”NING YANGI LOYIHALARI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА