Яна бир яширин цех фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани бўлими ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда яширин цех борлиги фош этилди.
Маълум бўлишича, фуқаро Н.Д. ва бошқалар ўзаро тил бириктиришиб, “Ихлос” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонда яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу цехдан 21 минг 250 дона қалбаки акциз марка, 480 литр спирт, 1 минг 954 дона қалбаки “QR-код” маркировка, 10 минг дона ёрлиқ, 134 дона “Қаратау” номи туширилган қалбаки алкоголь ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган ускуна ва бошқа товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири