Яманда ўт очиш тўхтатилди
Бугунги кунда Яманда коронавирус тарқалишига қарши кураш учун барча кучларни сафарбар қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яманда қонунийликни қўллаб-қувватлаш коалициясининг икки ҳафта муддатга мамлакатда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги қарори халқаро майдонда ва араб дунёсида қизғин олқишланмоқда. Бугунги кунда Яманда коронавирус тарқалишига қарши кураш учун барча кучларни сафарбар қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
БМТ Бош котибининг Яман бўйича махсус вакили Мартин Гриффитс ушбу қарорни тинчлик йўлидаги муҳим қадам, деб баҳолади. Унинг фикрича, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва коалиция томонидан Ямандаги ҳозирги вазиятга нисбатан оқилона қарор қабул қилинган.
Яманда ўт очишнинг ҳар томонлама тўхтатилиши Араб давлатлари уюшмаси бош котиби Аҳмад Абулғайт, Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби доктор Ноиф ал-Ҳажраф, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Юсуф ал-Усаймин томонларидан қутланди. Шунингдек, Миср, Иордания ва Баҳрайн ташқи сиёсат маҳкамалари берган баёнотларга кўра, Яманда ўт очишнинг ҳар томонлама тўхтатилиши хайрли жараёндир.