Ямал Исроил расмийлари ғазабига учради
“Бaрceлoнa” клуби ва Испания терма жамоасининг ёш юлдузи Ламин Ямал чемпионликни тантана қила туриб амалга оширган ҳаракат халқаро сиёсий доирада кескин муносабатга сабаб бўлди.
Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац футболчи парад чоғи Фаластин байроғини намойиш этганини қатъий қоралаб, уни яҳудий халқига нисбатан адоват ва нафрат қўзғатишда айблади. Кац ўз баёнотида бундай ҳаракат Исроил давлатига қарши салбий кайфиятни кучайтиришини таъкидлаб, “Бaрсeлoнa” раҳбариятини спортчининг сиёсий қарашига шерик эмасликларини очиқ билдириш ва ундан масофа сақлашга чақирди.
18 ёшли Ламиннинг ўзи ҳозирча вазиятга изоҳ бергани йўқ. Жамоа бош мураббийи Ханси Флик эса футбол ва сиёсат аралашиб кетишини ёқтирмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, тантанали тадбир бошланишидан олдин Ямал билан тегишли суҳбат ўтказилган.
Ҳужумчи эса байроқ кўтариш қарорини ўз хоҳишига кўра, мустақил равишда қабул қилган. Айни ҳолат ижтимоий тармоқ ва спорт жамоатчилиги орасида қизғин муҳокама қўзғаб, инсон ҳуқуқи ва спортдаги сиёсий эркинлик борасидаги баҳсни яна жонлантирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА