Ялпи ҳудудий маҳсулот: Тошкент шаҳри етакчи, Фарғонада энг юқори ўсиш
Иқтисодиётнинг ривожланиш даражасини баҳолашда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Қайси давлатда унинг ҳажми ортса, уша давлатда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инвестиция ва тадбиркорлик фаолияти кенгайиб боради.
Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жорий нархларда 1 755,5 триллион сўмни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда тўққиз ой давомида 372,1 триллион сўмлик маҳсулот яратилган бўлиб, реал ўсиш суръати 13,1 фоизни ташкил этди.
Кейинги ўринларда 180 триллион сўмлик кўрсаткич билан Тошкент вилояти ва 166,7 триллион сўм билан Навоий вилояти қайд этилди. Ушбу ҳудудларда реал ўсиш мос равишда 9,6 ва 8,1 фоизга тенг бўлди.
Самарқанд вилоятида ЯҲМ ҳажми 118,9 триллион сўмни ташкил этиб, 9,4 фоизга ўсди. Фарғона вилоятида 104,4 триллион сўмлик маҳсулот яратилиб, ўсиш 10,5 фоиз бўлди.
Шунингдек, Андижон вилоятида ЯҲМ 93,4 триллион сўм (9,3 фоиз), Қашқадарё вилоятида 92,5 триллион сўм (8,6 фоиз), Бухоро вилоятида 77,6 триллион сўм (9,5 фоиз) ва Наманган вилоятида 77,2 триллион сўмни (9,8 фоиз) ташкил этди.
Бошқа ҳудудларда ҳам иқтисодий ўсиш қайд этилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида ЯҲМ 65 триллион сўмга етиб, 8,7 фоизга, Хоразм вилоятида 57,6 триллион сўмга етиб, 9,6 фоизга ўсди. Жиззах вилоятида 52 триллион сўм (9,5 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 50,8 триллион сўм (8,9 фоиз) ҳамда Сирдарё вилоятида 32,8 триллион сўмлик (8,9 фоиз) ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Умуман олганда, тақдим этилган маълумотларда Тошкент шаҳри ЯҲМ ҳажми бўйича ҳам, реал ўсиш суръати бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. Ҳудудлар орасида энг юқори ўсиш Фарғона вилоятида қайд этилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА