Яккасарой туманида янги IT-марказ очилди
Пандемия шароитида илғор ахборот-коммуникация технологиялари янада шиддат билан ривожланиши билан бирга жамият ҳаётига янада фаол татбиқ этила бошланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, пойтахтимизнинг Яккасарой тумани “Баркамол авлод” мактаби қошида IT-марказ очилди. Ўқув маркази бинонинг ўнг қанотида жойлашди. Замонавий таъмирлаш ишларини Яккасарой туман ҳокимлиги амалга оширди.

IT-марказга услубий дастурлар ва компьютер техникаси IT-Park томонидан тақдим қилинди. Ёш йигит-қизлар эса “One million uzbek coders” дастури асосида ўқитилиши кўзда тутилмоқда.
Дастурлаш бўйича машғулотлар билан бирга бу ерда ўқувчилар робототехникадан сабоқ оладилар. IT-марказ очилишига бағишланган тантанали маросимда қатнашган Яккасарой туман ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, туманда учта мактаб таъмирланди. Иккитасида янги спорт мажмуалари қурилди. Мактаблар 4 миллирд сўм маблағ эвазига янгидан жиҳозланди.

Шу куннинг ўзида марказ ўқитувчилари ўқувчилар билан қизиқарли машғулотларни олиб бордилар. Бу каби марказлар мамлакатимиз IT-мутахассислари сафи иқтидорли ёшлар ҳисобига янада кўпайишига хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА