"Ягона Ватан" ғояси қалбларни бирлаштирди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш доирасида Сирдарё вилоятида кенг кўламли маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Сайхунобод туманининг Синтоб маҳалласида "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!" шиори остида кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Хаитов, туман ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Баратов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озодахон Абдуллаева, вилоят ва туманнинг таниқли санъаткорлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Йиғилганлар мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги давомида эришилган улкан ютуқлар, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадри ҳақида фикр алмашдилар. Тадбирда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги тотувлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянчларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

— Бундай маънавий-маърифий тадбирлар нафақат Сайхунобод туманида, балки вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги 221 та маҳаллада ҳам вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган режа-дастур асосида 15 июлдан 15 августга қадар ўтказилмоқда. Шунингдек, Мустақиллик байрами арафасида вилоят, шаҳар ва туман марказларида кенг қамровли тантанали тадбирлар ташкил этилади. Энг муҳими, ушбу тадбирларда турли миллат ва элат вакиллари ягона мақсад — Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб иштирок этишмоқда. Мустақиллигимизнинг 35 йили давомида эришилган ютуқ ва натижалар халқимизнинг бирдамлиги, бағрикенглиги ва фидокорона меҳнатининг ёрқин самарасидир. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” деган эзгу ғоя ҳар бир юртдошимизни Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлайди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳаитов.

Тадбирнинг бадиий қисми ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Санъаткорлар ижросидаги ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳна чиқишлари байрамга янада файз бағишлади. Айниқса, болажонлар учун ташкил этилган кўнгилочар дастурлар ва музқаймоқлар улашилгани уларнинг қувончига қувонч қўшди.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилаётган бундай маънавий-маърифий тадбирлар юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий бирлик туйғуларини янада мустаҳкамлаб, “Ягона Ватан” ғояси атрофида жамиятни бирлаштириш ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга кучли маънавий туртки бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири