Ягона солиқ тўлови: 5 фоиз
Жаҳон банки рейтингига кўра, Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олди.
Жаҳон банки рейтингига кўра, Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олди.Бу Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда бизнес юритиш учун кенг шарт-шароит, ҳимоя ва кафолатлар яратилганининг яна бир халқаро эътирофидир. Тадбиркорлик субъектларига кўплаб солиқ имтиёзлари берилаётгани, ягона солиқ ставкаси даражаси пасайтирилаётгани соҳа ривожига қаратилган ана шундай имкониятлардан.
Жорий йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2015 йилдагига нисбатан яна 1 фоизга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди. Бу дунё миқёсида энг мақбул ставкадир. Хорижий давлатлар солиқ амалиётида кичик ёки ўрта корхоналар учун солиққа тортишнинг алоҳида шкаласи мавжуд эмас. Кўпчилик ривожланган давлатларда солиқлар даромадга қараб солинади. Масалан, АҚШда катта ва кичик корхоналар даромадига яраша солиқ тўлайди ва унинг энг паст ставкаси 15 фоиз. Буюк Британияда бошқа солиқ тўловчилар каби кичик ва ўрта корхоналар ҳам даромадларни ҳисоблаш ва декларациялаш қоидаларига бўйсунади. Солиққа тортишнинг ўсувчан шкаласи амал қилади. Солиқ ставкаси даромад ортишига қараб ортиб боради.
– Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови Президентимиз Ислом Каримов фармонига мувофиқ 2005 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юридик шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Ҳабибиддинов. – Бунинг моҳияти шундаки, шу кундан бошлаб соҳа вакиллари бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва Мактаб таълими жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш ўрнига ягона солиқни тўлаб келмоқда. Бу уларнинг кўпроқ даромад топиши, фаолиятини ривожлантиришига имконият яратмоқда.
2005 йилда ягона солиқ тўлови ставкаси 13 фоиз эди. Бу кўрсаткич йилдан-йилга пасайтирилиб, айни пайтда 5 фоизни ташкил этмоқда. Эътиборли жиҳати, кичик корхоналарнинг даромади қанчалик ортса ҳам бу солиқ ставкаси ўзгармайди. Ягона солиқ тўлови ставкасининг камайиши ҳисобига жорий йилда ушбу микрофирмалар ва кичик корхоналар ихтиёрида 58,4 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар бериш, қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил сиёсат олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди. Ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда.
– Кичик корхона ташкил этганимга ўн йилдан ошди, – дейди пойтахтимиздаги “Елкан” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Алимов. – Елимдан маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Давлатимиз кўмагида фаолиятимиз ривожланиб бормоқда. Ягона солиққа оид ставканинг кескин пасайтирилгани маҳсулотларимиз тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ишчилар сонини ошириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 354-моддасига асосан ягона солиқ тўловини тўловчилар ягона солиқ тўлови тўлаш муддатини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддатга кечиктириш ҳуқуқига эга. Кечиктирилган сумма имтиёзли давр тугаганидан сўнг ўн икки ой ичида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, тенг улушлар билан тўланади. Бу янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналарга фаолиятининг дастлабки йилида қаддини тиклаб олиш учун қулай шароитдир.
Солиқ кодексининг 356-моддасига мувофиқ, янги технологик асбоб-ускуналар олиш, сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштириш, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга йўналтирилган маблағлар, технологик асбоб-ускуна бўйича – у фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб беш йил ичида солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилиши белгиланган. Бу ҳам корхона фаолиятини замон талабларига мослаштириш ва ривожлантириш учун қулайлик яратади.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилган.
Бизнес юритиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган бундай имкониятлар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигида муҳим омил бўлмоқда.