Ядро тиббиёти – замонавий онкологиянинг таянч нуқтаси
Тиббиёт, айниқса, онкология йўналиши дунёда энг тез ривожланаётган соҳалардан биридир. Янги технологиялар, хусусан, ядро тиббиёти ва радиофармацевтиканинг кириб келиши саратон касалликларини даволашда мутлақо янги имкониятларни очиб бермоқда.
Шу мақсадда, соҳа мутахассисларининг халқаро майдонда малака ошириши, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириши мамлакатимиз тиббиёт тизимини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Ядро тиббиёти – бу касалликларни ташхислаш ва даволашда радиоактив моддалар (радиофармацевтик препаратлар)дан фойдаланадиган замонавий тиббиёт тармоғи. Оддий рентген ёки УТТ текширувларидан фарқли ўлароқ, ядро тиббиёти танадаги органларнинг нафақат тузилишини, балки уларнинг ишлаш функциясини ҳужайра даражасида кўрсатиб беради. Бу усул орқали саратон ҳужайраларини жуда эрта босқичда аниқлаш ва махсус радиоактив изотоплар ёрдамида айнан ўша ҳужайраларни нишонга олиб, соғлом тўқималарга зарар етказмаган ҳолда даволаш мумкин.
Австрия пойтахти Вена шаҳри бугунги кунда ядро тиббиёти ва ядровий технологиялар бўйича жаҳоннинг марказий нуқталаридан бири ҳисобланади. Венада ушбу соҳа жуда юқори даражада ривожланган бўлиб, бу ерда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) қароргоҳи жойлашгани ҳам бежиз эмас. Шаҳардаги етакчи клиникалар ва илмий марказлар энг замонавий сиклотрон мажмуалари, диагностик тизимлар (PET/CT, SPECT) ва илғор радиофармацевтика лабораториялари билан жиҳозланган. Вена тажрибаси шуни кўрсатадики, ядро тиббиётидаги муваффақият фақатгина қурилмалар эмас, балки клиник радиофармация, радиацион хавфсизлик ва меъёрий-ҳуқуқий базанинг бир бутун тизим сифатида ишлашига боғлиқ.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ядро тиббиёти шифокори Саиджон Ҳасанбоев Венада ўтказилаётган «Bringing Therapy Radioisotopes into Clinical Radiopharmacy – Some Regulatory Aspects» номли халқаро ўқув курсида иштирок этмоқда. Европа Ядро тиббиёти ассоциацияси (EANM/ESMIT) томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли ўқув курси GMP талаблари, терапевтик препаратларни ишлаб чиқариш ва сифат назорати каби муҳим жиҳатларга бағишланган.
Шифокорларнинг бу каби халқаро майдонларда малака ошириши нима учун муҳим? Биринчидан, онкология соҳасида ҳар йили янги препаратлар ва ташхис усуллари пайдо бўлади. Шифокорнинг илм-фан билан «ҳамнафас» бўлиши хасталикни энг дастлабки босқичида аниқлаш ва ҳар бир бемор учун индивидуал, энг самарали даволаш усулини танлаш имконини беради. Иккинчидан, халқаро протоколларни ўзлаштириш мамлакатимизда ҳам жаҳон даражасидаги тиббий хизматни кўрсатишга замин яратади.
Мазкур ўқув курси доирасида олинган билимлар ва Вена тажрибаси Марказда ядро тиббиёти хизматини ривожлантириш, замонавий радионуклид диагностика ва терапия бўлимини ташкил этиш, шунингдек, юқори технологияли сиклотрон мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишда муҳим таянч бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистонда онкологик касалликлар билан курашаётган минглаб юртдошларимиз учун даволаниш сифатини тубдан ошириш ва соғайиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА