Weekend Tashkent 2022 – ёшлар учун улкан имконият
Тошкент шаҳридаги АКФА университетида тўртинчи бор Startup Weekend Tashkent 2022 тадбирлари бўлиб ўтди. Унда 60 нафардан ортиқ иштирокчи 10та жамоага бўлиниб, 54 соат ичида ўз бизнес ғоялари устида ишлаб, ҳайъат аъзоларига тақдим этишди.
Тадбир доирасида етакчи экспертлар, бизнес-инвесторлар, IT-мутахассислари, шунингдек, муваффақиятли стартап эгалари ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашдилар.
Startup Weekend – бу халқаро тадбир бўлиб у иштирокчиларга ўз стартапларини йўлга қўйишлари учун ёрдам беради. Бу тадбир дунёнинг 67 мамлакатидаги 200 дан ортиқ шаҳарларда ўтказилади. Startup Weekend “битирувчилари” бутун дунёдан инвесторлар томонидан диққат билан кузатилмоқда ва ўз ғоясига эга тадбиркорлар ушбу платформа орқали инвесторларни топадилар.
[gallery-6328]
Маълумотларга кўра, сўнгги йиллар давомида Startup Weekendдан ўтган лойиҳалар реализация учун инвесторлар томонидан 30 миллион доллардан ортиқ маблағлар тўланган.
Weekend Tashkent 2022 тадбирлари “Сиз атиги 54 соат ичида ўз стартапингизни амалга оширасиз”, “Спикерлардан бебаҳо тажриба ва билим оласиз”, “Барқарор бизнесга эга бўлган муваффақиятли стартаплар билан танишасиз”, “Профессионаллар томонидан менторликка эга бўласиз”, “Бизнес яратиш ва уни муваффақиятсизликка олиб борувчи факторлар ҳақида билиб оласиз”, “Ўзингизга ўхшаш одамларни топишингиз ва жамоа яратишингиз мумкин” ҳамда “Бизнес ғояларини ривожлантиришни ўрганасиз” каби интенсив ғояларни ўз ичига олди.
Тадбир сўнгида ғолиб жамоаларга эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева, Алмурод Мадаминов (сурат) ЎзА