«Воқеалар уфқи» - замонавий санъат ва ижодий тафаккур мулоқоти
Тошкентда ўтказилаётган XI халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида «Воқеалар уфқи» номли кўргазма ўз фаолиятини бошлади. Экспозициядан Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар рассомларининг замонавий санъатнинг турли жанр ва йўналишларида яратилган ижодий ишлари ўрин олган.
Кўргазма рангтасвир, концептуал санъат, инсталляция, фотография ва видеоарт каби йўналишларни қамраб олиб, муаллифларнинг ўзига хос бадиий қарашлари, ижодий изланишлари ва индивидуал услубларини намоён этади. Галерея заллари маҳаллий маданий қадриятлар билан глобал санъат тенденциялари ўзаро уйғунлашган, турли ғоя ва қарашлар туташадиган ижодий мулоқот майдонига айланган.
Ўзбекистон замонавий санъати Диёp Розиқов, Нуриддин Расулов, Шарифа ва Данияр Шарафхўжаевлардан иборат «5+1» ижодий гуруҳи асарлари орқали кенг намоён этилган. Гуруҳ ижодида бадиий ифода воситаларининг ранг-баранглиги, анъанавий ва замонавий ёндашувларнинг ўзаро уйғунлиги алоҳида кўзга ташланади.
Экспозицияда чуқур мазмунга эга рангтасвир асарлари билан бир қаторда, «Саҳро кемалари» ва «AFTER US» лойиҳаси доирасида яратилган «L.O.T.O.S.» инсталляцияси ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Ёғоч, мис ва тут дарахтидан тайёрланган саватлардан ташкил топган мазкур инсталляция анъанавий материаллар воситасида замонавий бадиий ғояларни ифодалайди. Гуруҳ аъзоларининг ишларида ҳамкорликдаги ижодий изланишлар билан бир қаторда, ҳар бир муаллифнинг ўзига хос услуби ҳам акс этган.
Кўргазманинг халқаро қисми ҳам мазмунан бой ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Юлия Сисалова (Греция) кураторлигидаги халқаро лойиҳа экспозициянинг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, унда Оксана Акопова (АҚШ), Наталья Радунц (Германия), Наталья Пономарёва (Россия), Ирина Мец (Арманистон) ва Веера Романов (Финляндия) каби ижодкорларнинг видеоарт асарлари жамланган.
[gallery-31914]
Кўргазмада тақдим этилган асарлар маданий хотира, борлиқ фалсафаси ва замонавий маконда инсоннинг ўзлигини англаш каби муҳим мавзуларни қамраб олади. Муаллифлар турли бадиий воситалар орқали ўтмиш ва бугун, миллий қадриятлар ва умуминсоний ғоялар ўртасидаги боғлиқликни очиб беришга интиладилар.
«Воқеалар уфқи» экспозицияси томошабинни санъат асарларини шунчаки кузатишга эмас, балки улар замиридаги маъно ва рамзлар ҳақида фикр юритишга, муаллифлар ғоясини ҳис этиш ва мустақил талқин қилишга ҳам ундайди. Шу жиҳатдан, мазкур кўргазма турли маданиятлар ўртасидаги ижодий мулоқотни ривожлантириш, замонавий санъатнинг янги имкониятларини намоён этиш ва халқаро бадиий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
С.Ўрмонов (сурат),
ЎзА