Вон До Ён: Ўзбекистон – Корея муносабатлари амалий ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилмоқда
Корея Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ОАВга берган интервьюсида Ўзбекистон – Корея муносабатларининг бугунги ҳолати, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ҳамда Сеулда ўтказилиши кутилаётган биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитининг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
Элчининг таъкидлашича, Корея Республикасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик муҳитини кенгайтиришга қаратилган сиёсати юксак баҳоланади.
Дипломатнинг фикрича, сўнгги йилларда минтақада юз берган ижобий ўзгаришлар Корея Республикаси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсий иродаси Кореяда яхши англанади ва юқори баҳоланади. Айнан ўзаро ишонч муҳити биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитини ўтказиш имконини бермоқда. Элчи мазкур саммит аниқ келишувлар ва муҳим амалий натижалар билан якунланишига ишонч билдирди.
Вон До Ён Ўзбекистоннинг Корея Республикаси ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутишини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, Корея Республикаси Ўзбекистон билан алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган бўлиб, бу Сеулнинг Тошкент билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратаётганини кўрсатади.
– Корея – Ўзбекистон муносабатларининг ўзига хослиги, аввало, мамлакатларимизнинг бир-бирига бўлган ишончи ва самимий муносабатидир, -деди у. – Ҳозирги кунда 100 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари Кореяда иш ёки ўқиш мақсади билан бўлиб турибди. Сўнгги пайтларда ўлкангизга ташриф буюраётган корейслар сони ҳам сезиларли даражада ортди. Муносабатларнинг ўзига хос табиати икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро мувофиқлиги билан ҳам боғлиқ. Корея юксак технологик тараққиёт даражасига эга бўлса, Ўзбекистон нафақат бой табиий ресурсларга, балки кўп сонли ёш, малакали кадрларга ҳам эга.
Элчи икки мамлакат раҳбарлари ўртасида шаклланаётган яқин ва дўстона муносабатларга ҳам алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг давлат бошқаруви ва жамият тараққиётига доир қарашларида муштарак жиҳатлар кўп. Хусусан, ҳар икки раҳбар ўз сиёсатининг марказига инсон манфаатларини қўйиши билан ажралиб туради.
Вон До Ён Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “давлат халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳамда Корея Республикаси раҳбарининг ўзини халқ хизматкори сифатида кўриши икки етакчининг сиёсий ёндашувларидаги яқинликни ифодалашини таъкидлади. Элчининг фикрича, ана шу умумий қадрият ва муштарак қарашлар Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг аниқ амалий натижаларга эришишига хизмат қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз юритар экан, дипломат Ўзбекистонда Корея компаниялари иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сони тобора ортиб бораётганини қайд этди. Жумладан, Жиззахдаги KIA автомобиль заводи ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши лойиҳасида “Incheon International Airport” компанияси асосий ҳамкорлардан бири сифатида иштирок этмоқда. Шунингдек, Кореяда ишлаб чиқарилган “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поездлари ҳам икки давлат ўртасидаги технологик ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида қайд этилди.
Элчининг фикрича, келгусида ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири юқори технологиялар бўлади. Хусусан, Кореянинг “Robotis” компанияси Ўзбекистонга қарийб 100 миллион доллар сармоя киритиб, роботлар ишлаб чиқариш заводини барпо этмоқда. Келгусида сунъий интеллект, фармацевтика, биотехнология ва бошқа юқори технологик тармоқларда қўшма лойиҳалар сони янада кўпайиши кутилмоқда.
Сеулда кутилаётган олий даражадаги музокараларга тўхталар экан, Вон До Ён икки давлат раҳбарлари учрашувидан салмоқли натижалар кутилаётганини билдирди.
– Йиғинда турли соҳаларда муҳим натижаларга эришилиши аниқ, -деди элчи. – Хусусан, амалий ҳамкорликнинг анъанавий йўналишлари, жумладан, қайта ишлаш саноати, транспорт инфратузилмаси ва ва бошқалар бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сунъий интеллект, юқори технологияли тармоқлар, фармацевтика ва биотехнологиялар каби истиқболли соҳаларда ҳам сезиларли ютуқларга эришилиши кутилмоқда.
Дипломат биринчи “Корея Республикаси – Марказий Осиё” саммитини тарихий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолади. У корейс халқининг “Бошлаш — ишнинг ярми” деган мақолини келтириб, мазкур форматдаги илк саммитнинг ўтказилишини ҳамкорликнинг янги даври учун муҳим бошланғич нуқта, деб атади. Унинг таъкидлашича, бу Корея Республикасида жорий йилда ўтказиладиган ягона кўп томонлама саммит бўлиб, Сеулнинг Марказий Осиё билан муносабатларни ривожлантиришга қаратаётган эътиборини ҳам намоён этади.
Умуман олганда, элчи Вон До Ённинг фикрлари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар анъанавий сиёсий мулоқот доирасидан чиқиб, юқори технологиялар, инвестиция, инфратузилма, инсон капитали ва халқлар ўртасидаги алоқаларни қамраб олган кенг кўламли ҳамкорлик босқичига ўтаётганини кўрсатади. Сеулдаги олий даражадаги мулоқот ва биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити эса ушбу жараёнга янги суръат бағишлаши шубҳасиз.
Ўткир Алимов,
ЎзА