Волонтёрлар академиясига асос солинди
Мазкур академия тажриба алмашиш, ёш лидерларни тайёрлаш ва қўшма халқаро лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланади.
Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли рағбатлантирувчи, интеллектуал ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб илк бор йирик қамровдаги “Ташаббуслар марафони” ўтказилмоқда.
Мазкур марафон ёшлар учун илм-фан, замонавий кўникмалар, нетворкинг, истиқболли стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва грантлар имкониятини ягона майдонда жамлаган йирик платформа ҳисобланади. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги 20 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар орқали ёшларга бевосита тақдим этилаётган ушбу марафон ўз ғоясига эга ёшлар учун ҳақиқий имкониятлар эшигини очади.


“Ташаббуслар марафони” доирасида “Чегараларсиз волонтёрлик: тажриба, ҳамкорлик ва янги ташаббуслар” мавзусида халқаро мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Россия ва Туркия вакиллари халқаро эксперт сифатида қатнашди.

Учрашувнинг асосий натижаси Марказий Осиё ва Озарбайжон Волонтёрлар академиясининг расман ишга туширилиши ҳамда минтақавий волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратган ҳамкорлик меморандуми имзоланиши бўлди.

Мулоқот давомида иштирокчилар инклюзив, экологик ва корпоратив волонтёрлик йўналишларидаги илғор тажрибалар ҳамда янги ташаббусларни тақдим этди.

Мазкур ташаббус минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва волонтёрлик маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА