Волейболчи қизлар жамоаси Малдивда
Осиё волейбол конфедерацияси Филиппиннинг Чандон шаҳрида жорий йилнинг 6-14 июнь кунлари аёллар жамоалари ўртасида ўтказиладиган “AVC Women’s Cup-2026” мусобақасида иштирок этадиган жамоалар рўйхатини эълон қилди.
Турнирда мезбон мамлакат – Филиппин аёллар жамоаси билан биргаликда Австралия, Ҳонгконг, Хитой, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Ливан, Хитой Тайпейи, Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари қатнашиши белгиланди.

– Мазкур мусобақа Осиё миқёсида юқори савиядаги беллашув бўлиб, унда қатнашиш терма жамоамиз учун муҳим тажриба ва халқаро майдондаги навбатдаги масъулиятли синов ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Малдивда ушбу Осиё кубогига тайёргарлик машғулотларининг дастлабки ўқув-йиғини ҳамда Марказий Осиё волейбол ассоциацияси томонидан ташкил этилаётган илк халқаро турнирда қатнашмоқда. 10 февралга қадар давом этадиган турнирда волейболчи қизларимиз бир қатор жамоалар билан куч синашиши белгиланган, – дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев.

Жорий йил 4 февралдан бошланган мазкур халқаро турнирда волейболчи қизларимиз “Ҳумо” жамоаси номи остида Қозоғистон, Эрон, Малдив, Ҳиндистон, Филиппин, Шри-Ланка волейболчилари билан куч синашмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА