Волейбол: “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси бошланди
Бугун, 1 июль куни пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида волейбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг республика босқичи бошланди.
“Президент Олимпиадаси” тизимидаги мазкур мусобақа олдидан ўтказилган қуръа ташлаш маросими ва мандат комиссияси йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев ва федерация бош котиби Фарҳод Алимов мусобақанинг ташкилий масалалари, ўйинлар тартиби ва низом талаблари юзасидан иштирокчиларга зарур тушунтиришлар бериб ўтди.
Мусобақа низомига мувофиқ, 14 та жамоа иштирок этаётган баҳсларда жамоалар 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда куч синашади.

Гуруҳ босқичида ҳар бир жамоа плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Бугун ўтказиладиган илк давра ўйинларида қуръа натижаларига кўра Тошкент шаҳри ва Андижон жамоалари учун дам олиш куни сифатида белгиланган. Қолган 12 та жамоа ўзаро рақобатлашади.
Хусусан, кун давомида Тошкент вилояти - Хоразм, Навоий - Фарғона, Бухоро - Наманган, Қашқадарё - Жиззах, Сирдарё - Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси - Самарқанд жамоалари куч синашади.
Ўйинлар 6 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА