Волейбол: машғулотларнинг сифати муваффақиятни таъминлайди
Шу кунларда волейбол бўйича Ўзбекистон қизлар миллий терма жамоаси Тошкент шаҳридаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида жорий йил 6-14 июнь кунлари Филиппиннинг Кандон шаҳрида ўтадиган “AVC Women’s Volleyball Cup – 2026” мусобақаси олдидан ўқув-йиғин машғулотларини олиб бормоқда.
Куни кеча Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев етакчилигидаги мутахассислар машғулотларда иштирок этаётган спортчилар билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида бўлажак мусобақанинг нуфузи ва аҳамияти, халқаро майдондаги масъулият ҳамда терма жамоа олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, спортчиларга яратилган шароитлар ва жамоанинг руҳий ҳолати ўрганилди. Терма жамоа аъзоларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди. Ҳар бир спортчининг индивидуал тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим тамойиллари таҳлил қилинди.

Нуфузли мусобақада юрт шарафини юқори даражада ҳимоя қилиш борасида таклифлар билдирилиб, машғулотларнинг халқаро талаблар асосида ўтказилиши, ҳар бир кичик элементга эътибор қаратиш муваффақиятни таъминлаши айтиб ўтилди.
Осиё волейбол конфедерацияси тақвимидан жой олган “AVC Women’s Volleyball Cup – 2026” мусобақаси олдидан ўтаётган ўқув-йиғини июнь ойининг илк кунларига қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА