Волейбол бўйича мамлакат чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуида волейбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Мусобақанинг 3-тур учрашувлари кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Волейболчилар юқори маҳорат ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди.
[gallery-30015]
Беллашувларда Тошкент шаҳри терма жамоаси Жиззах вилоятининг «Зиёкор» (Жиззах давлат педагогика университети) жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шундан сўнг Хоразм вилоятининг «УРДУ» (Урганч давлат университети) ҳамда Фарғона вилоятининг «Тўмарис» жамоалари ўзаро куч синашди. Қизиқарли ва шиддатли кечган учрашувда хоразмлик волейболчилар устунликни қўлдан бой бермай, рақибларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва навбатдаги муҳим очколарни жамғарди.
Куннинг сўнгги баҳсида «БухДУ» (Бухоро давлат университети) ҳамда «НДПИ» (Нукус давлат педагогика институти) жамоалари майдонга тушди. Мазкур учрашувда ҳам бухоролик волейболчилар устунлик қилиб, баҳсни 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат чемпионати ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда волейбол спорт турини янада оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Мусобақалар 26 июнга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА