“Voice Up – 2026”: ёшлар бир мақсад атрофида бирлашди (+видео)
Навоий вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда инклюзив муҳитни кенгайтиришга қаратилган “Voice Up – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Дастлаб лойиҳа иштирокчилари Навоий шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар билан яқиндан танишди ҳамда ушбу йўналишда ташкил этилган семинарда иштирок этди.
“Voice Up – 2026” оромгоҳи Қизилтепа туманидаги Халқаро шахмат мактаби базасида ташкил этилди. Уч кунлик дастур доирасида иштирокчилар учун мотивацион тренинглар, фаол семинарлар ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ўтказилди.
Тренинглар давомида ёшлар ўз фикрларини эркин баён этиш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича муҳим билим ва тажрибага эга бўлди. Шунингдек, турли интеллектуал ва жамоавий ўйинлар орқали иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланди.
[gallery-28522]
– Биз кўриб турган майдон аслида бугунги куннинг ҳам имконияти, ҳам чақирувидир. Чунки бу ерда янги авлод, янги Ўзбекистон фарзандларининг ўзига хос ёндашувини кўриш мумкин, – дейди Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раҳбари Ширин Обидова. – Бу ерда нафақат ўзлари, балки атрофидаги инсонлар ва жамият учун хизмат қилишга тайёр ташаббускор ёшларни кўряпмиз. Биз ногиронлиги бор ёки йўқлигидан, ёшидан қатъи назар, муаммоларни биргаликда ҳал этишга ҳисса қўшаётган ёшларни кўриб турибмиз. Саралаш жараёнидан минглаб ёшлар ўтиб, ўз лойиҳаларини ҳимоя қилди. Эксперт ва менторлар кўмагида лойиҳалар такомиллаштирилиб, уларни амалга оширишга қадам ташланмоқда.
“Voice Up – 2026” оромгоҳининг энг муҳим ва ҳаяжонли босқичи лойиҳалар тақдимоти жараёни бўлди. Унда иштирокчилар ўз ғоялари, ташаббуслари ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини кенг жамоатчилик ҳамда ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди. Ёшлар томонидан илгари сурилган лойиҳалар инклюзив жамиятни шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
– Менинг лойиҳам “Нажот инновацион реабилитация аравачаси” деб номланади, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Азиза Амонова. – Лойиҳанинг мақсади реабилитация жараёнини самарали ташкил этишдир. Ушбу аравача ҳаракати чекланган беморларга инсульт ва умуртқа билан боғлиқ касалликлардан кейин тикланишида ёрдам беради. Келгусида унга электродлар ўрнатиш орқали мушакларни стимуляция қилиш имконияти ҳам яратилади. Айни пайтда мазкур лойиҳа жуда яхши ташкил этилган. Эллик нафардан зиёд ёшлар ўзаро фикр ва тажриба алмашмоқда. Мен тақдимот жараёнида иштирок этдим ва ҳакамларнинг илиқ фикрларини эшитдим. Улар қўшимча ғоялар бериб, лойиҳамни маъқуллашди.
Энг муҳими, мазкур лойиҳа турли имкониятларга эга ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштириб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/z-zMOYOCorU" title="“Voice Up – 2026”: yoshlar bir maqsad atrofida birlashdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Бўриев. С. Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари