Водийда туризм ҳалқаси яратилади
Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида "Боткен тараққиёти– давлат тараққиёти" мавзусида Халқаро инвестиция ва туризм форуми бўлиб ўтди. Унда Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланди.
Шу куни Фарғона вилояти делегацияси аъзолари "Туризмни ривожлантиришнинг муҳим асослари" конференциясида иштирок этиб, водий вилоятлари ягона саёҳат ҳалқасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар.



–Агар биз биргаликда Хўжанд, Қўқон, Марғилон, Ўш, Қадамжой, Жалолобод, Арслонбоб, Наманган, Андижон каби саёҳат манзиллари иштирокида турлар ташкил этсак, уч давлат чорраҳасидаги Фарғона водийсига келаётган хорижий саргузашт ишқибозлари сони кескин ортади, – деди конференция иштирокчиси, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов.


Боткендаги халқаро форум доирасида саноат, инвестиция ва туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида ярмарка ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти вакиллари Боткеннинг "Evro Servis Grup" компанияси билан қўшма корхона очиш юзасидан келишувга эришди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири