Виждони уйғоқ ижодкор
Ижодкор зиёлилар, айниқса адабиёт аҳлини халқнинг, жамиятнинг виждонига қиёслаш мумкин. Улар сафида атоқли ёзувчи ва публицист Шойим Бўтаевнинг ўз ўрни, сўзи, овози, мухлислари бор.
Бир қарашда камгап, камтарин, оддий инсон бўлиб кўринган Шойим Бўтаев кишилик жамиятидаги муаммоларнинг илдизларини кўра билади, уни таъсирчан ҳикоялар, повестлар, романлар орқали мухлисларга етказа олади.
Ижодкорнинг маҳорати ўтмиш билан бугунги кунни боғлай олишда, жамият илдизига болта ураётган азалий муаммоларни китобхонга етказишда яққол намоён бўлади. Маддоҳлик, мослашувчанлик, ҳақиқатни ўз манфаатига мослаб талқин этиш, сохтакорлик ва баландпарвозлик ҳали ҳеч қайси жамиятнинг, ҳеч қайси мамлакат ва халқнинг косасини оқартирмаслигидек ўлмас ғоялар Шойим аканинг асарларида бош ғоя сифатида ярқираб туради. Панд-насиҳат ўқиш, китобхонни чалғитиш, уни ўз йўриғига солишдек ҳолатлар Шойим Бўтаевнинг ижодига бегона. Муаллиф вазиятни, ҳолатни борича ифодалайди. Айни пайтда хулоса чиқаришни китобхоннинг ўзига қолдиради. Токи, китобхон асар мутолааси билан чекланиб қолмасин, воқеликни ўзи теран таҳлил этсин, тегишли хулоса чиқарсин.
Ижодкор асарларида жаҳон мумтоз адабиёти билан миллий адабиётимизнинг бетакрор уйғунлигини кўриш мумкин. Айни пайтда унинг оддий, жайдари, камсуқум қаҳрамонлари - қишлоқ одамлари, уларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, армон ва изтироблари ўқувчи эътиборини ўзига тортмасдан қолмайди.
Буларнинг барчаси Шойим аканинг "ҳаёт" деб аталган инсон умрининг сўнгги нафасига қадар ўқиб, ўрганадиган мактаб қозонида қайнаш билан бирга ҳамиша пешқадам ижодкор сифатида қалам тебратиши билан изоҳланади.
Маълумотларга кўра, Шойим Бўтаев 1959 йил 20 июнда Тожикистон Республикаси Ўратепа тумани Майдонча қишлоғида таваллуд топган. 1976 йилда тумандаги Варсиқ қишлоғи 44-ўрта мактабни тугатган. 1978-1982 йилларда Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил олган. Институтни битиргач, армия сафида бўлди, хизматдан қайтгач, “Совет Ўзбекистони санъати” (ҳозирги “Гулистон”) журнали, “Ленин учқуни”(ҳозирги “Тонг юлдузи” газетаси), “Юлдузча”(ҳозирги “Чўлпон”) нашриётида турли лавозимларда ишлаган.
— Қишлоқ мактаби бўлса-да, кутубхонаси жуда бой эди, - эслайди ёзувчи Шойим Бўтаев ўзининг ёшлиги ҳақида. — Кутубхонанинг эшиги ҳам доим очиқ турарди. Қўлма-қўл ўқилаверганидан “Минг бир кеча”, “Дон Кихот саргузаштлари” каби китобларнинг варақлари титилиб кетган эди. Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди?” деган романини ўн бир ёшимда ўқиганман.
Шойим Бўтаевнинг илк повести “Сирли юлдузлар” асари 1984 йилда “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилади. Шундан сўнг ёзувчининг “Дунёнинг сарҳисоби бор” (“Ёш гвардия” нашриёти, 1988), “Энди бари бошқача” (“Чўлпон” нашриёти, 1990), “Шамол ўйини” (“Ёзувчи” нашриёти, 1995), “Қўрғонланган ой” (“Шарқ” НМАК, 1996) “Кунботардаги боғ” (“Ғафур Ғулом” НМИУ, 1997), “Ҳаёт” (“Шарқ” НМАК, 2000), “Кўчада қолган овоз” (“Маънавият” нашриёти, 2005), “Шох” (“Ўзбекистон миллий кутубхонаси” нашриёти, 2007), “Шўродан қолган одамлар” (“Ижод-Пресс” нашриёти, 2018), “Уташан. Еттинчи тонг” (“Ғафур Ғулом” НМИУ, 2021) каби ҳикоя, повесть ва роман жанрларидаги асарлари жамланган китоблари нашр этилган.
Муаллифнинг асарлари қорақалпоқ, рус, инглиз, тожик, турк тилларига таржима қилинган. Шойим ака — “Боғ”, “Сарвиноз”, “Қалдирғочлар яна қайтади”, “Дил пайванди” каби бир қанча бадиий фильм ва телесериалларнинг сценарий муаллифи. У Ўзбекистон радиосининг “Адабиёт ва радиотеатр” муҳарририятида бош муҳаррир, “Ўзбектелефильм” студиясида бош муҳаррир, “Халқ сўзи” газетасида бўлим мудири сифатида самарали меҳнат қилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агенлигида фаолият юритади.
Ўзбек эссенавислигида ҳам Шойим Бўтаевнинг муносиб улуши бўлиб, унинг “Шарқ Юлдузи” журналида чоп этилган “Шукур Бурҳон” эссеси, “Жаҳон адабиёти” журналининг йиллик мукофотига сазовор бўлган “Шукур, айт-чи, бу ҳаёт нима?”(Шукур Холмирзаев ҳақида) эсселари мазкур жанрнинг имкониятларини, ўзига хослиги ва жозибасини адабиётимизда намоён этди. Муаллифнинг республика “Энг улуғ, энг азиз” танловида ғолибликни қўлга киритган “Игорь Савицкий. Орфей илтижоси халоскори” эссе-романини ўзбек адабиётининг тарғиботчиси Лира Пиржанова рус тилига таржима қилган.
Шойим Бўтаев — “Дўстлик” ордени, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги” кўкрак нишони соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Кинорбоблари уюшмалари аъзоси. Давлатимиз раҳбарининг адабиёт аҳлига кўрсатаётган эътиборига жавобан адиб Шойим Бўтаев фаол изланаётган, ижоддан чарчамаётган қаламкаш сифатида китобхонлар меҳри ва эътиборини қозонган инсондир. Кўп минг сонли китобхонлар қаторида пешқадам, ҳар бир сўзи залворли адибимизга ижод ва изланишда ривож тилаб қоламиз!
Назокат Усмонова, ЎзА