Виртуал олам болаларнинг эрта улғайишига сабабчи(ми)?
Кўпчилик ота-оналар ўғли ёки қизи жуда тез улғаяётгани, ҳатто ўзидан катталарга ақл ўргатаётганидан нолиб қолишади. Ота-оналарнинг дўстона маслаҳатларига болалар томонидан “қандай кийим кийиш шахсий ишим”, “сиз туққан онамсиз, бу дегани ҳамма нарсани сиз ҳал қиласиз, дегани эмас” деган ғайритабиий жавоблар қайтарилмоқда.
Бундай ҳолатлар жамиятимиздаги аксарият оилаларнинг муаммосига айланиб улгурган. Шунга қарамасдан ота-оналар ўзларини эмас, балки бунда жамият ва мактабларни айбдор деб билишади.
Аслида-чи, болалардаги бундай ўзгаришлар ниманинг таъсирида юзага келмокда?
–Бундан ўн йиллар олдин балоғат ёши, яъни ўсмирлик даври 11 ёшгача дейилган бўлса, ҳозир бу давр 9 ёшдан бошланяпти, – дейди психолог Шоира Исоқова. – Нима учун? Биринчидан, ривожланган замонавий технологиялар даврида 1-2-синф ўкувчиларида ҳам телефон бор ва улар тўғридан-тўғри катталар эшитиши керак бўлган ахборотларни қабул қиляпти.
Иккинчидан, телеканалларда берилаётган мультфильмларда агрессивлик, нафрат, ёш болаларнинг образлари эрка, танти қилиб кўрсатиляпти. Шу билан бирга, ҳайвонот олами образи орқали катталар ўртасидаги севги-муҳаббат, ишқий муносабатлар ва катталарнинг муаммолари акс этган саҳналар ҳали ақлини таниб улгурмаган ёш авлоднинг ҳаётга норозилик кайфиятида бўлиб қолишига олиб келяпти.
– Бизнинг онгимизга тушаётган ҳар бир ахборот танамизга, гормонал тизимимизга таъсир кўрсатади. Яъни, ҳозир ҳиссиётларни ўйғотадиган ахборотлар жуда кўп. Болалар севиб томоша қиладиган мультфильмларнинг таг замирида уларнинг онгига таъсир қиладиган, катталарга хос бўлган маълумотлар сингдирилган. Ташқаридан кузатган одам болам мультфильм кўряпти, деб аҳамият бермаслиги мумкин. Лекин уни эътибор билан томоша қилсангиз, маъноси умуман бошқача эканини тушунасиз, – дейди Ш.Исоқова.
Болаларнинг эрта улғаяётгани сабабларини санаб чиқдик. Хўш, бу ҳолатнинг сабабчиси кимлар?
Аслида боланинг руҳий жиҳатдан эрта улғайишига биз ота-оналар сабабчи бўляпмиз. Яъни, бола билан вақт ўтказиш, у билан банд бўлиш ўрнига уни экран олдига ўзимиз етаклаб боряпмиз. Ота-оналар, айниқса, оналар фарзанди йиғласа ёки хархаша қилса, дарҳол қўлига телефон тутқазади, нима сабабдан йиғлаяпти қизиқмайди. Жим бўлса бас. Атроф билан мулоқотда бўлмаган бола эса ҳақиқий ҳаёт виртуал оламда деб ўйлайди.
Фарзанд катта бўлиб, назоратга олинишни хоҳламаслиги бу керакли вақтда болага эътибор қаратилмагани, жонли мулоқотнинг кам бўлганидан.
Болалик давридан фарзандига эркинлик бериб, тинч қўйишини истаган ота-оналар боласининг улғаяётган пайтидаги ўзгаришларни кўриб хавотирга тушишади ва назоратга ўтишади. Бу ўз-ўзидан болада оиласига нисбатан нафрат уйғотиб юбориши мумкин. Бундай ҳолатларда бола вақтлар давомида олиб келган виртуал оламдаги тарбиясини намоён қилишни бошлайди. Айнан шу даврда у нималарни томоша қилгани юзага чиқади.
Шоира Исоқова боласининг яхши тарбия олишини истаган ота-она унинг қизиқишига қараб тўгаракларга бериши лозимлигини тавсия қилади. Мисол учун, робототехника, расм чизиш, мусиқа, шахмат-шашка, ундан ташқари спорт машғулотларига бериш фойдали.
Муаммони ечишнинг энг самарали усули оналар бола билан кўпроқ гаплашиши, уни тинглаши ва муаммоларига дўстона кўз билан қараб, ечим топишга кўмаклашишлари зарур. Акс ҳолда бола ота-онасидан, оиласидан олиши керак бўлган барча нарсани виртуал оламдан излайди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири