Виртуал касса тизими: Оддий, аммо одатий эмас
Жаҳон амалиётида аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ вазифасини бажарувчи дастурий маҳсулотлардан, яъни виртуал кассадан кенг фойдаланилади.
Жаҳон амалиётида аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ вазифасини бажарувчи дастурий маҳсулотлардан, яъни виртуал кассадан кенг фойдаланилади.
Мамлакатимиз ҳудудида ҳам 2019 йил давомида нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида виртуал касса тизими синовдан ўтказилиб, ўзининг ижобий натижасини кўрсата олди. Шунга кўра, 2020 йилдан савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида аҳоли билан нақд пул ёки банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига онлайн тарзда юборилишида виртуал кассалар ҳам онлайн-НКМлари қаторида жорий этила бошланди.
Виртуал касса ўзи нима? Виртуал касса компьютер (ноутбук), планшет каби замонавий қурилмалар ёки бошқа гаджетларга ўрнатилиб, чек чоп қилувчи, чек маълумотларини реал вақт режимида Давлат солиқ хизмати органларига юборувчи дастурий маҳсулот саналади. Виртуал касса ўрнатилган қурилмалар фискал модул ва чек чоп қилувчи қурилмалардан иборат бўлиши керак.
Тадбиркорлик субъектлари ўзида мавжуд сотилган товар ва хизматлари ҳисобини юритиш тизимларини (қўшимча онлайн-НКМ харид қилмаган ҳолда) виртуал касса сифатида Давлат рўйхатидан ўтказиб, фойдаланиши мумкин.
Виртуал касса орқали омборхонадаги товарлар ҳисоби ва кассир ходимларнинг фаолиятини назорат қилиш анча қулай. Бундан ташқари, у тушум ҳажмини аниқлаш ва тўланиши лозим бўлган солиқларнинг янада аниқ ҳисобини юритиш имконини беради.
Худди онлайн-НКМ каби. Виртуал касса орқали тақдим этилган чекда ҳам товар (ишлар, хизматлар)лар номи, миқдори, қиймати, товарнинг ҚҚС ставкаси ва суммаси, шунингдек, QR-код ва фискал белги акс эттирилади. Интернетда қандайдир узилишлар юз берса ёки шу сингари бошқа техник имкониятлар етарли бўлмаган вазиятда виртуал касса харидлар ва кўрсатилган хизматлар учун оффлайн режимида ҳам 24 соат давомида истеъмолчиларга чекларни тақдим этиши мумкин.
Агарда тўловлар нақд пулсиз шаклда - пластик карточкаларга хизмат кўрсатадиган тўлов терминаллари билан амалга оширилса,терминал орқали қабул қилинган тўлов чеки билан бирга виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.
Шу ва бошқа муҳим талаблар барча турдаги виртуал кассалар учун татбиқ этилади. Хусусан, “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг “Виртуал касса” дастурий маҳсулоти ҳам ана шу талаблар асосида ишлаб чиқилган ва Давлат реестрига киритилган.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ушбу дастурий маҳсулотнинг асос қисми (базаси) тадбиркорлик субъектларига бепул тақдим этилади. Бу эса кўп томонлама қулайликка эга бўлиш дегани. Чунки унда маҳсулотларни кирим қилиш, касса чекини шакллантириш, фискал модулга уланиш, чекларни онлайн режимда давлат солиқ ҳизмати органларига юбориш, кунлик ҳисоботларни ва умумий ҳисоботларни шакллантириш, оффлайн режимида ишлаш, товарлар номенклатурасини юритиш каби имкониятлар мавжуд.
“Виртуал касса” дастурий маҳсулотини исталган Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Soliq Servis” ДУК филиалларидан бепул олиш мумкин. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари “Soliq Servis” ДУК билан виртуал касса дастурий маҳсулотига техник хизмат кўрсатиш учун ўзаро шартнома имзолайди, фискал модул ва унга кўрсатиладиган хизматлар учун амалга оширилган бир йиллик тўлов (базавий ҳисоблаш миқдорнинг бир биробари - 223 минг сўм) тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (ижара шартномаси ёки кадастр хужжати) ни тақдим этади.
“Виртуал касса” дастурий маҳсулоти ишлаши учун тадбиркорлик субъектларида Windows операцион тизимли комьпютер (ноутбук) ва чек чоп қилувчи термо принтер бўлиши лозим.
Ҳозирги вақтда Давлат реестрига киритилган виртуал кассалар қаторида “Штрих-М: Кассир V.5.0”, “E-POS” номли дастурий маҳсулотлар ҳам бор. Тадбиркорлик субъектлари уларни мустақил равишда сотиб олиши ҳамда унга хизмат кўрсатувчи Техник хизмат кўрсатиш марказлари орқали Давлат рўйхатидан ўтказиши мумкин.
Жўрабек РЎЗИБОЕВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси