Виқорли тоғлар этагидаги ҳаёт
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган Кўл қишлоғи туман марказидан 84 километр узоқликда жойлашган.
Тўғри, ушбу масофа унчалик олис туюлмаслиги мумкин. Аммо чўққилари кўкларга ўралаган, маҳобатли тоғлар этагидан оқиб ўтадиган, шовуллаган “Оқсув” дарёси бўйлаб давом этган машаққатли тоғ йўлидан юрган йўловчи учун ушбу масофа охири йўқдек туюлади.
Мамлакатимизнинг энг баланд чўққиларидан бири бўлган Ҳазрати Султон чўққисига яқин масофада жойлашган Кўл қишлоғи аҳолиси турмуш тарзи билан танишишни мақсад қилиб йўлга отландик.
Машинада “Ҳисорак” сув омборидан ўтиб, Ҳисорак МФЙ ҳудудигача етиб бора олдик, холос. У ёғига тоғ йўлига мослашган “УАЗ” машинасида ҳаракатландик. Йўлда кетар эканмиз ваҳимали қоялар остидан, хавфли жарликлар устидан юрак ҳовучлаб ўтиб борамиз. Табиат аталмиш буюк ҳайкалтарош ушбу қояларга шу қадар моҳирлик билан шакл берган-ки, кўринишидан худди устингизга қулаб тушадигандек туюлади, лекин уларнинг шу ҳолатда мангу турганига неча-неча асрлар бўлган. Ўзини Аҳмад дея таништирган ҳайдовчи тоғ йўлларида машина бошқаришни ҳадисини олган, учта шаҳарлик меҳмонни ўнқир-чўнқир тошлоқ йўлдан елдек учириб олиб кетаётганидан фахр туйғусини туяди. Қизиқарли воқеаларни ҳикоя қилиб беради.
– Бу йўллар бизга ёд бўлиб кетган, – дейди у. – Аммо қор кўчкилари, сел сувлари ҳар йили баҳор ойлари йўлларни абгор қилади. Кўпроқ сув келган пайтда йўлни ювиб кетади. Уни тўғрилагунча, бир ҳафта ўн кун қишлоқ билан алоқа узилиб, қатнашни имкони бўлмай қолади. Ўзим ҳозир нафақадаман. Узоқ йиллар ўрмон хўжалигида ишладим. Бу тоғларнинг деярли ҳамма ерини пиёда айланиб чиққанман. Шунинг учун ҳамма жойини беш бармоқдай биламан.
Кўл қишлоғига яқинлашган сари йўлнинг аҳволи оғирлашиб, катта-катта ҳарсанг тошлар бизни қарши олади. Баландликка кўтарилиб борар эканмиз машина мотори зўриқиб гувиллайди. Ярим йўлга етганда машина мотори қизиб кетди ва радиатор сувини алмаштириш учун бир чеккага тўхтадик. Биздан озгина пастликдан “Оқсув” дарёси мавжланиб, тошдан тошга урилиб оқади. Тиниқлиги ва тошларга урилган пайтда оппоқ бўлиб кўпиргани боис маҳаллий аҳоли дарёни оқсув дарё деб атайди. Дарё бўйлари яшилликка бурканган. Вилоятнинг текисликда жойлашган ҳудудларида ёз жазирамаси ўз кучини кўрсатиб, баҳорги майсаларни аллақачон қовжиратиб юборган бир пайтда, бу ўлкаларда баҳор фасли ўз тароватини энди-энди намоён этмоқда. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида қанчадан-қанча парваришлар эвазига бўлсада, ўстиришни эплай олмаётганимиз ёнғоқ дарахтлари ушбу жойда тупроғи йўқ тошлоқ орасида барқ уриб ёввойи ҳолда ўсиб ётибди.
Хуллас, Ҳисорак қишлоғидан йўлга чиққан машинамиз бир соатлар чамасида Кўл қишлоғига етиб келди. Бизни маҳалла раиси Исмоил Бобоев қарши олди. Ҳаёт тезлашган шаҳар ҳаётига мослашган киши ушбу жойларда ўзини жаннат боғларига тушиб қолгандек ҳис қилади. Чўққилари қор қоплаган тоғлар қўл узатса етадигандек, кўкка бўй чўзган азим тераклар япроқларини майин шабада шитирлатади. Ҳар қадамда муздек, зилол булоқ сувлари оқиб турибди.
– Ерларимиз тошлоқ ер бўлишига қарамай аҳолимиз деҳқончилик қилади, – дейди Кўл маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Бобоев. – Қисқа муддатли баҳор ва ёз ойларида ўзларини меҳнатга уради. Бундан ташқари чорвачилик билан шуғулланади. Тирикчилик асосан мана шу тармоқлардан.
Қишлоқ оқсоқолларининг таъкидлашича, қишлоқнинг шаклланганига қарийб минг йиллар бўлган. Ривоятларга кўра, қадимда ушбу қишлоқ ўрнида катта кўл бўлган. Кўл суви ниҳоятда тўлиб, тоғнинг пастроқ дарасидан ўтиб кетган. Шундан Оқсув дарёси пайдо бўлган. Бўшаб қолган кўл ўрнида ҳосил бўлган унумдор тупроқда одамлар деҳқончилик қилиб, ушбу жойларни макон қилган. Шу-шу жаннатмакон бу ерларда мўъжазгина қишлоқ пайдо бўлган. Айни пайтда қишлоқда 1 минг 336 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Маҳобатли тоғлар бағрида яшашнинг ўзига яраша завқи ҳам машаққати ҳам бор. Қишлоқ одамларининг айтишича, баҳор ва ёз ойларида қишлоққа келган одамнинг бу ерлардан кетгиси келмайди, аммо узоқ давом этадиган қиш фаслида келса, 4-5 метр қалинликдаги қордан бошқа нарсани кўрмайди.
Маҳалла раиси ҳамроҳлигида қишлоқ оралаб юрар эканмиз, темирчилик устахонасига кўзимиз тушди. Борганимизда темирчи уста Раҳимқул Исматов шогирди билан темирни сандонда қизитиб, пойтеша ясаш учун тоблаётган экан.
[gallery-2922]
– Бу ҳунар менга ота мерос, – дейди Р.Исматов. – Эсимни таниганимдан буён шу ҳунар билан шуғулланаман десам муболаға бўлмайди. Устахонада, асосан, деҳқончилик учун керак бўладиган иш қуролларини ясаймиз. Пишиқлигига, сифатлилигига алоҳида эътибор қаратамиз. Боиси тупроғимиз тош аралаш бўлгани учун иш қуроллар тез емирилиб кетади. Шунинг учун ишловни яхшироқ бериш керак. Ҳунаримдан доим фахрланиб келганман. Ўнлаб шогирдларим бор.
Темирчи уста Раҳимқул Исматов доим янгиликка интилиб келган. Темирчилик устахонасида ҳеч кимни ёрдамисиз қизиган темирга ишлов берадиган болға ясаган. Қизиган темирни тутиб турсангиз бас болға автоматик ишлаб зарб бераверади. Бундан ташқари қишлоқ оралаб ўтган дарёнинг нишаб жойига махсус чархпалак ўрнатиб, микро ГЭС ихтиро қилган. Дарё сувининг йил давомида тўхтамай оқиб туришини ҳисобга олсак, унинг ёрдамида йил бўйи 35 та хўжаликнинг электр таъминоти таъминланади.
Қишлоқда ажойиб табиат билан бирга, қадимий қадамжолар ҳам бисёр. Улардан бири қишлоқ аҳолиси тили билан айтганда Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги Афросиёб ғори. Ушбу ғор тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Маҳалла раиси Исмоил Бобоевнинг таъкидлашича, ушбу ғорни ўрганиш учун кўплаб олимлар ташриф буюрган ва уни инсон кучи билан қилинганини, зардўштийлар даврига алоқадорлигини таъкидлашган.
Айтиш жоиз, Кўл қишлоғи узоқ йиллар эътибордан четда қолиб келган ва аҳолини тиббиёт, таълим, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ кўплаб муаммолар қийнаб келган. Айниқса, оғир беморларни шаҳар марказига олиб бориш ниҳоятда мушкул жараён бўлган. Шу боис вилоят раҳбари ва республикадан ташриф буюрган мутасаддиларнинг ташаббуслари билан қишлоқда сўнгги йилларда битта замонавий мактаб филиали бунёд этилди. Тиббий хизматга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб қишлоқ аҳолисига хизмат қилувчи битта йўлтанламас замонавий тез тиббий ёрдам машинаси берилди. Маҳалла раисининг таъкидлашича, бу йил 150 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим ташкилоти ҳам қурилиши режалаштирилмоқда ва боғча учун жой ҳам танланган. Бундан ташқари қишлоқ йўлларини текислаш ва қордан тозалаш мақсадида битта бульдозер ажратилган.
Сўлим табиат қўйнида самимий ва софдил кўлликлар билан суҳбатлашиб кеч бўлганини ҳам сезмай қолдик. Ушбу қишлоқдаги яна бир муҳим қадамжолардан бири бўлган Ҳазрати Султон зиёратини кейинги галга қолдириб, сокин оқшом қўйнида ортга қайтдик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА