“Вилоят суди боғи” барпо этилди
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсадида табиий тупроқ- иқлим шароитига мос кўчат ва қаламчаларни танлаган ҳолда экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу эзгу ташаббус доирасида барча ташкилот ва корхоналар ходимлари фаол иштирок этаяпти.
Жумладан, экологик вазиятни яхшилаш, ҳудудларни яшил маконга айлантириш мақсадида вилоят суди, туманлараро, туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари томонидан ҳам кўчат экиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
– Судлар бинолари атрофига ҳудуднинг иқлим шароитига мос хурмо, олма, гилос, олхўри каби мевали ва арча, каштан каби манзарали кўчатлар экилмоқда. Мавжуд дарахтларга шакл бериб, парваришлаш каби юмушлар бажарилмоқда, – дейди Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти Азиза Рўзиева. – Хусусан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, “Вилоят суди боғи” барпо этилди.
Албатта, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Шу боис ҳам суд ходимлари томонидан Навоий шаҳридаги “Ёшлар” маҳалла фуқаролар йиғини, Карвон кўчаси 96-хонадонда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Бахриддиновлар оиласи томорқасида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Хонадон томорқасига хурмо, олма, гилос каби мевали дарахт кўчатлари экилди.
Ҳудудларда кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири