Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди
Ёшлар билан тез-тез мулоқотда бўлиш уларнинг таклиф- ташабусларини ўрганиш ва муаммоларига вақтида ечим топишда муҳим омилдир.
Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг ёшлар билан учрашуви бунга мисол бўлади.
Учрашувда турли соҳаларда фаол бўлган ёшлар иштирок этди. Шунингдек, хорижий давлатларда меҳнат қилаётган, таълим олаётган хоразмлик йигит-қизлар ҳам онлайн қатнашди.
Вилоят ҳокими мамлакатимиз Президентининг жорий йил 14 февралда ёшлар билан ўтказган учрашувида билдирилган ташаббуслар, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди. Сўнгра 2025 йилда вилоятда ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги янги режаларни эълон қилди.
[gallery-22102]
Жумладан, жорий йилда “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси вилоятнинг ҳар бир ҳудудида йўлга қўйилади. Лойиҳа доирасида 18-30 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида спортнинг 7 та тури бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақасининг 2-босқичига старт берилади. Туман ва шаҳарларда 33 минг 981 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади. Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш курсларини бепул ташкил этиш орқали вилоятда “Хоразм тажрибаси” жорий этилади.
Мулоқотда дастлаб хориждаги бир гуруҳ хоразмлик ёшларнинг тадбиркорлик, таълим, ишлаб чиқариш, халқаро мусобақа ва олимпиадаларга чиқиш борасидаги таклифлари эшитилди. Уларнинг ҳар бир мурожатини ҳал қилиш бўйича шу ернинг ўзида масъуллар бириктирилиб, муддатлари белгиланди.
Учрашувда бевосита қатнашган 20 нафардан ортиқ ёшнинг таълим олиш, замонавий касбларни эгаллаш, шахсий бизнесини йўлга қўйиш борасидаги инновацион ғоялари, таклиф ва ташаббусларини амалиётга тадбиқ этиш вилоят ҳокими назоратига олинди.
Тадбир давомида фаол ёшларни ноанъанавий усулда рағбатлантириш учун ҳоким “Заковат” интеллектуал клуби аъзолари билан ҳамкорликда ўртага савол ташлади. Тўғри жавоб топганларга махсус совғалар берилди.
– Бундай рағбат қайсидир маънода ёшларни интеллектуал жиҳатдан янада кучли билимга эга бўлишга ҳам чорлади дейиш мумкин, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Тимур Жуманиёзов. – Совғалар ўз эгаларига топширилар экан, вилоят ҳокими ҳудуд ёшларига қарата “Олдимизда ўз ечимини кутаётган жуда кўп масалалар ва қўллаб-қувватлашга лойиқ бўлган ғоялар турибди. Энг муҳими, уларни амалга оширишда биз сиз азиз ёшларга суянамиз!” дея ишонч билдирди.
Учрашувнинг иккинчи қисми “Арда Хива” туризм комплексида давом этиб, байрамона дастурхон атрофида жам бўлган ёшлар орасидан фаол қизларга яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг ташаккурномалари топширилди.
Шунингдек, маҳаллалардаги хоразмлик ёшлар етакчилари орасида юқори натижа кўрсатиб, “ТОП-100”таликка кирган ёшлар етакчиларининг ота-оналари эътироф этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари