Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Поп тумани ёшлари билан учрашди.
Туманнинг Янги Чодак ҳудудида ўтказилган учрашувда 300 нафарга яқин йигит-қиз иштирок этди.
Ушбу ҳудудда қарийб 7000 гектар янги ер ўзлаштирилаётган бўлиб, бу аҳоли, хусусан, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашда, оила фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Вилоят ҳокими таклифи асосида массивдаги ер майдонларини ўзлаштирилиши ҳисобига боғ ташкил этилиб, ёшларга ушбу тайёр боғдан 1 гектардан бериладиган бўлди.
Тадбирда “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи 100 нафар ёшга Янги Чодакда ўзлаштирилган, турли навдаги ўрик кўчатлари экилган ердан бир гектардан ажратилиши учун сертификатлар топширилди.
Ушбу ҳудудда ўзлаштирилаётган ерларда боғ яратиш тажрибасига эга “Нуран” компанияси асосчиси Нурали Абдуллаев ёшлар билан ўз тажрибасини ўртоқлашди.
[gallery-2099]
Учрашувда шунингдек, тикув машинаси сўраб мурожаат этган 7 нафар хотин-қизга вилоят ҳокимлиги томонидан тикув машиналари топширилди. 15 нафар йигитга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бепул ўқишга йўлланма берилди.
–Бугунги тадбирда менга имтиёзли кредит асосида тикув машинаси берилди, - дейди Дилшода Темирова.
– Тикувчилик билан мунтазам шуғулланган ҳолда оилавий бюджетга қўшимча даромад олиб кириш ниятидаман. Биз, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибордан бағоят хурсандмиз.
Учрашувда вилоят ҳокимига мурожаат қилган 134 нафар ёшнинг таклиф ва муаммолари назорат режага киритилди ва ижобий ҳал этиш учун масъулларга йўналтирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА