Вилоят ҳокими талабалар билан учрашди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбeк Абдураҳмонов вилоятдаги олий ўқув юртларида бўлиб биринчи босқич талабалари билан учрашди. Жумладан, Андижон машинасозлик институтида ўтказилган мулоқот талаба-ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Вилоят ҳокими дастлаб ёшларни талабаликка қабул қилинганликлари билан табриклади. Бугунги глобаллашув даврида мамлакатимизда ёшлар тарбияси, уларнинг таълим олиши ва кeлажаги, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур барча ишлар қилинаётганлиги, ёшларимиз ана шу эътиборга муносиб бўлишлари, Янги Ўзбекистонни барпо этадиган билимдон мутахассислар бўлиб етишишлари кераклигини таъкидлади.
– Ёшлар мамлакатимиз келажаги, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаши керак, – деди вилоят ҳокими. – Қачонки, ёшларимизда дахлдорлик, масъулият ҳисси бўлсагина улар ўзининг мустақил фикрига эга бўлади, жамиятда ҳурмат-эътибор топади, она юртини ардоқлаб яшайди.
Суҳбат давомида вилoятимиздa фаолият олиб борилаётган ва яқин йиллaрдa ишга туширилиши режалаштирилаётган қатор ишлaб чиқaриш кoрхoнaлaрининг барқарор, самарали фаолият юритишида aйнaн oлий тaълим даргоҳларида таҳсил олаётган ёшлaрнинг ўрни ва роли муҳим эканлиги, айниқсa, техника ва технoлoгиялар юксалиб бораётган бугунги кунда интеллектуaл билими кучли, вaзиятни тўғри бaҳoлaй oлaдигaн ёшлaрнинг мaмлaкaт ривoжидаги ҳиссаси муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
[gallery-8855]
Шундан сўнг вилоят ҳокими талабаларни қийнаётган муаммолар бўйича уларнинг мурожаат, таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитди. Бир қатор муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Айрим масалаларни ҳал этиш, айниқса, талабаларни тураржой билан таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан мутасадди ва масъулларга топшириқлар берди.
Учрашувда Андижон вилоятида талабаларнинг дарсдан бўш вақтида ишлаб, даромад топиши бўйича тажриба шаклланаётганлиги айтилди. Ҳозирда олий ўқув юртлари талабаларга дарсдан бўш вақтида ишлаши учун имконият ва қулай шароит яратиб бериш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганлиги, жумладан, бундан буён институт талабаларига ҳам вилоятда автомобилсозлик тизими корхоналарида ишлаб, даромад топиш имкони яратиб берилиши қайд этилди.
Бир гуруҳ фаол талабалар сўз олиб, ёшларга яратиб берилаётган қулай шароитлар, кенг имкониятлар учун Президентимизга, вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирди. Учрашувда ўз фикрларини теран билдириб, фаоллик кўрсатган 3 нафар талабанинг контракт пулларини вилоят ҳокими тўлаб берди.
Вилоят ҳокими талабаларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА