Вилоят ҳокими беморлар ҳолидан хабар олди
Бугунги кунда гематология касалликлар, яъни ўткир лейкоз, сурункали лейкоз, камқонлик каби касалликлар билан касалланган беморларни даволаш, соғлом ҳаётга қайтариш масаласи долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Республика гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишиш асносида беморлар билан мулоқот қилган ҳолда соҳа ходимларига муҳим топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.
Давлат раҳбарини топшириқ ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев ҳамроҳлигида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, марказнинг гематология ва ўткир буйрак етишмовчилиги бўлимида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди.
Вилоят раҳбари ташриф давомида гематология бўлимида даволанаётган онкогематологик касалликлар, яъни сурункали миелолейкоз, сурункали лимфолейкоз, ўткир лейкоз, касалликлари, даволаниши қийин бўлган касалликлардан, апластик камқонлик, иммун трамбоцитопеник пурпура, тромбоцитопения, сублейкемик миелоз каби касалликлар, наслий касалликлардан гемофилия А , гемофилия Б , наслий гемолитик камқонлик касалликлари билан касалланган беморлар ҳамда сунъий буйрак етишмовчилиги бўлимида даволанаётган беморлар билан мулоқот қилди. Уларни Президент номидан Рамазон байрами билан қутлаб, совғалар топширди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими мазкур марказнинг гематология, гастроэнтерология, пульмонология, неврология, ревматология бўлимлари учун янгидан қурилаётган 100 ўринли бинони қурилиш ишлари билан танишди.
Айни вақтда мазкур бинони қурилиш ишлари 85 фоизга бажарилган бўлиб, июль ойида фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, ҳозирги кунда фойдаланиб келинаётган 63 ўринли бўлим ҳам жорий йилнинг сўнгига қадар қайта реконструкция қилинади.
Айни вақтда мазкур 163 ўринли икки бинони қуриш ва реконструкция қилиш ишларига инвестиция дастури доирасида 18,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан жадаллик билан олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими қурилиш ишлари билан танишиш асносида қурувчиларга ўз тавсия ва маслаҳатини берди.
Шунингдек, жорий йилда синов тариқасида апробациядан ўтказилаётган давлат тиббий суғуртаси ҳамда тиббиёт кластер тизимизни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама қилиб, беморлар учун шарт-шароит яратиш, уларнинг соғлиғини тиклаш борасида қилиниши лозим бўлган масалалар юзасидан соҳа ходимларига тегишли топшириқларини берди.